Адлия вазири соқол ва ҳижоб мавзусидаги баҳсларга муносабат билдирди
Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов АҚШнинг Вашингтон шаҳрида «Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомованинг Ўзбекистонда соқол ва ҳижоб бўйича сиёсат, диндорлик ва мутаассиблик чегаралари ҳақидаги саволларига жавоб берди. Бу ҳақда «Газета.uz» ёзмоқда.
«Соқол қўйиш фуқароларнинг ўз ҳуқуқи. Хоҳласа қўяди, хоҳласа қўймайди. Бу жамиятимизнинг бу соҳага бўлган муносабатига боғлиқ. Қонунчилик билан тақиқланмаган. Лекин бир нарсани эътиборга олинг, у ёки бу ташкилот, масалан лаборатория, суд-экспертиза ташкилотларида дресс-код чеклови қўйилиши мумкин. У ерга соқол билан бориб ишлай олмайсиз. Бу соғлиқ-саломатлик, касбнинг ўзига хослиги билан боғлиқ чеклов бўлиши мумкин», — деди вазир.
Адлия вазирининг ишонч билдиришича, вазирликка ҳали «соқолга рухсат берилмаяпти» деган мурожаатлар бўлмаган.
Ҳижоб бўйича ҳам жамиятимизда ҳеч қандай чеклов йўқ. Аёлларимиз кўчада, машина ҳайдаганда ҳам ҳижоб кийиб, ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб келмоқда. Қонунчилигимиздаги «диний либос"ни аниқ ифода этиш муаммо бўлиб келган. Судларимизда ҳар хил ёндашув амалга оширилган. Бунинг натижасида оддий ҳолатларда ҳам жавобгарликка тортилган. Мазкур норма бугунги кун талабига жавоб бермагани сабабли қайта кўриб чиқиляпти. Унинг қайси кўринишда бўлишини парламент ҳал қилади», — деди Русланбек Давлетов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter