Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

233 та ҳолатда мансабдор шахслар ва ер эгалари 75,5 млн АҚШ долларига ер сотаётган вақтида қўлга олинган

233 та ҳолатда мансабдор шахслар ва ер эгалари 75,5 млн АҚШ долларига ер сотаётган вақтида қўлга олинган

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг соҳага оид қонунчилик ижроси ва ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди

Таъкидланишича, Агентлик фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Хусусан, очиқ маълумотларни расмий веб-сайтга жойлаштириш бўйича «Kadastr.uz» веб-сайтининг янги дизайни ишлаб чиқилган ва тўлиқ ишга туширилган. Янги сайтда интерактив хизматлар сони кўпайтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сонли Фармонига асосан маълумотлар ҳар чорак ёки доимий равишда янгилаб борилиши белгиланган.

Бироқ таҳлил Агентлик фаолиятида очиқликни таъминлаш, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни Очиқ маълумотлар портали ва ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб бориш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.

Масалан, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар, харажатлар сметаси ва унинг ижроси, хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, лицензия ва рухсат этиш учун масъуллар тўғрисида маълумот, хизмат уйлари ҳамда бошқа зарур маълумотларни жамоатчиликка эълон қилмаслик ҳолатлари мавжуд. 

Мажлисда ер муносабатларига оид соҳага оид қонунчилик ижросини таъминлаш ҳолатига ҳам тўхталиб ўтилди. Маълум қилинишича, аҳоли ва жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётган, ер билан боғлиқ бўлган коррупция ҳолатларига чек қўйиш мақсадида Бош прокуратура билан доимий ҳамкорлик ишлари ташкил этилган.

2021 йил январь ойидан 1 декабргача республикада 10 042 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 437 та жиноят содир қилинганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи қатъий ҳал қилинган.

Шунингдек, 233 та ҳолатда мансабдор шахслар ва бошқа ер эгалари 5 904 гектар ер майдонини фирибгарлик йўли билан 75,5 млн АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган. Ёки 76 та ҳолатда 3 110 гектар ердан ноқонуний фойдаланилганлик оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига қарийб 1 409 млрд сўмлик зарар етказилганлиги фош этилган.

Йиғилиш якунида Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг