2023 йили пахта ва ғалладан бўшаган 100 минг гектар ер аҳолига бўлиб бериш учун захираланади
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш доирасида қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Биринчи йўналиш — келаси йили пахта ва ғалладан бўшаган 100 минг гектарни аҳолига бўлиб бериш энг катта захира бўлади.
Энди ерни қўлидан иш келадиган, деҳқончиликни биладиган одамларга бериш, камида 600 минг аҳолини доимий ва 900 минг аҳолини мавсумий даромад олишини таъминлаш зарур.
8 триллион сўмлик 600 дан зиёд сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун саноатда иш ўринлари яратиши керак. Шу билан бирга, келаси йили қишлоқ хўжалигига халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган 400 миллион долларни кўпроқ доимий иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга йўналтириш зарур.
Келгуси йилда пилла етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш мақсадида ушбу соҳага ҳам эркинлик берилиши таъкидланди. Эндиликда етиштирилган пилла аҳолидан жаҳон биржаларидан кам бўлмаган нархда харид қилинади.
Бу камида 500 минг аҳолини банд қилиб, уларнинг даромадини 2-3 баравар ошириш имконини беради.
Иккинчи йўналиш доирасида ишсизлик оғир бўлган 1 мингта маҳалла учун 300 та микро-марказ ташкил этиб, уларга тадбиркорлик учун имконият яратилиши зарур.
Туман ва шаҳарларнинг 255 та марказий кўчаси ҳамда 274 та маҳалладаги савдо-хизмат кўчалари тўлиқ ишга тушиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга 17 та туман ва шаҳарнинг мастер-режаларини 1 апрелгача якунига етказиб, савдо ва сервис объектлари учун янги ерларни аукционга чиқариш топширилди. Тушган маблағлар яна 20 та туман ва шаҳарнинг мастер-режаларини ишлаб чиқишга йўналтирилади.
Келгуси йилда автомобил йўллари бўйида 3 мингдан ортиқ ер майдонларини аукционга чиқариш ҳам сервис соҳасида янги иш ўринлари учун катта имконият бўлади.
1 апрелга қадар 60 мингта кўчма савдо шохобчалари учун ерларни аукционга чиқариш топширилди. Бу орқали келаси йили камида 200 минг аҳоли учун даромадли иш ўрни яратиш шарт.
Учинчи йўналиш — 8 миллиард долларлик 300 та йирик лойиҳани ишга тушириш ҳисобига, юқори даромадли иш ўринлари яратиш, саноат зоналарида 16 триллион сўмлик 1 минг 300 та лойиҳани ишга тушириш шарт.
Мутасаддиларга келгуси йилда тадбиркорларга 536 та норуда конлар ва майдонларни аукцион орқали сотиш, бунга инвесторларни жалб қилиб, қурилиш материаллари соҳасида янги доимий иш ўринлари яратишга топшириқ берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter