Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2020 йилда «Zamin» фонди кўмагида кохлеар ва суяк имплантларини ўрнатиш бўйича 36 та жарроҳлик амалиёти амалга оширилди

2020 йилда «Zamin» фонди кўмагида кохлеар ва суяк имплантларини ўрнатиш бўйича 36 та жарроҳлик амалиёти амалга оширилди

Эшитиш қобилияти тўлиқ йўқотилишининг энг кенг тарқалган ҳолати ички қулоқ чиғаноғининг шикастланишидир. Бугунги кунда бундай ташхис қўйилган инсонларда реабилитация ва эшитиш қобилиятини тиклашнинг ягона усули кохлеар имплантация ҳисобланади.

ЖССТнинг тавсиясига кўра, ушбу имплантларнинг мавжудлигини таъминлаш, эшитиш аппаратлари билан бир қаторда, устувор йўналишлардан бири бўлиб, эшитиш қобилиятини йўқотганлар учун катта аҳамиятга эга.

2020 йилнинг 1 июнида «Zamin» фонди эшитиш қобилияти заиф ва кар болалар ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун кохлеар имплантларни ўрнатиш бўйича ҳар йили 30 та жарроҳлик амалиётини ўтказишни назарда тутувчи дастур ишга туширилганини эълон қилди. Дастур доирасида июнь-ноябрь ойлари давомида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан биргаликда ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг 200 нафар ўқувчиларига комплекс ташхис кўриги ўтказилди.

Комплекс ташхис кўригининг натижалари асосида 2020 йилнинг ноябрь ойидан сентябрь ойигача 23 нафар болалар учун тиббиёт фанлари доктори, профессор, Владислав Евгеньевич Кузовков иштирокида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 19-20 декабрь кунлари қолган 13 та жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Жами 36 та жарроҳлик амалиётидан 33 таси кохлеар имплантация, 3 таси эса суяк ўтказувчанлигини таъминлаб берувчи имплантларни ўрнатиш бўйича амалга оширилди. Дастур, шунингдек, имплантларнинг кейинги босқич созланиши ҳамда болаларнинг логопедлар ва сурдопедагоглар билан шуғулланишини назарда тутувчи дастлабки реабилитация босқичини ҳам ўз ичига олади.

Мазкур йўналишда халқаро мутахассислар иштирокида шифокорлар ва ота-оналар учун онлайн маъруза ва семинарлар ўтказилди.

2020 йилнинг 18 декабрь куни «Zamin» фонди Васийлик Кенгашининг раиси Зироат Мирзиёева дастурда иштирок этаётган 36 нафар болалар, уларнинг ота-оналари ва шифокорлар билан учрашди. Иштирокчилар жарроҳлик амалиётининг натижалари ва таассуротлари билан ўртоқлашди.

Фонднинг дастурига кўра, келгуси йилда ҳам ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари учун 30 дан ортиқ кохлеар имплантация жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот учун:

Кохлеар имплант — эшитиш қобилиятини йўқотганлар учун атрофдаги товуш ва нутқни эшитиш имконини берувчи электрон қурилмадир. У икки қисмдан иборат: ички қисм жарроҳ тарафидан кар беморнинг қулоқ ичига ўрнатилади, процессордан иборат ташқи қисм эса беморнинг қулоғига ва/ёки бошига жойлаштирилади. Бу қурилма товуш, нутқни қабул қилиб олади ва уларни бош териси орқали эшитиш нервига таъсир этувчи ички қисмга узатади.

Бундан ташқари, эшитиш қобилиятининг кондуктив ва аралаш бузилиши ҳолатида, яъни товуш ташқи қулоқдан табиий равишда ички қулоққа ўта олмаса, суяк ўтказувчанлигини таъминлаб берувчи имплантлардан фойдаланилади. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг