Жорий йил учун закот, фитр садақа ва фидянинг миқдори эълон қилинди
2019 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг қарори эълон қилинди. Қарор матни идора расмий сайтида келтирилган.
Унга кўра, закот нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кунда Ўзбекистон бозорларидаги ўртача нархи 200 000 (икки юз минг) сўм эканлигини эътиборга олиниб, закот нисоби 85 (саксон беш) грамм тилло, яъни 17 000 000 (ўн етти миллион) сўм деб белгиланди. Мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 425 000 (тўрт юз йигирма беш минг) сўм закот ниятида чиқариладиган бўлди.
Маълумки, фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан тўрт нарсадан чиқарилади. Улар буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммдир.
Шунга кўра, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга кўра:
≈ 2 килограмм буғдойдан 6 000 (олти минг) сўм;
≈ 4 килограмм арпадан 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 килограмм майиздан 70 000 (етмиш минг) сўм;
≈ 4 килограмм хурмодан 100 000 (юз минг) сўм бўлади.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 15 000 (ўн беш минг) сўм, деб белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter