Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЮНЕСКОнинг 10 йилда бир ўтказиладиган халқаро тадбири Тошкентда бўлиб ўтади

ЮНЕСКОнинг 10 йилда бир ўтказиладиган халқаро тадбири Тошкентда бўлиб ўтади

2022 йилда Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси (Глобал форум) бўлиб ўтади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда вазирлик раҳҳбарияти ҳамда ЮНЕСКО Бош қароргоҳининг Узлуксиз таълим сиёсати ва тизимлари бўлими бошлиғи Чакрун Борхен ва ЮНЕСКО Бош қароргоҳининг Эрта ёшдаги болаларни ривожлантириш дастури мутахассиси Диавара Рохаялар қатнашдилар.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, ҳар 10 йилда бир марта ўтказиладиган тадбир Тошкент шаҳрида ўтказилиши мамлакатда эришилган ютуқ ва марраларни намойиш этиш, мактабгача таълимни ривожлантириш моделини намойиш этиш ҳамда энг яхши фикр ва тажрибалар алмашиш имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистон Жаҳон конференциясини ўтказадиган мамлакат сифатида сўнгги 12 йил ичида кетма-кет иккинчи ва биринчи бўлиб, эрта ривожланиш соҳасидаги муваффақиятлар, ҳукуматнинг ёш болаларни ўқитиш ва тарбиялашга бўлган садоқати туфайли бу соҳада «Жаҳон чемпионларидан бири» бўлди, деб эълон қилинди.

Қайд этилишича, йиғилишнинг мақсади аъзо давлатларнинг кичик ёшдаги болалар тарбияси ва таълимига зиёли жамият қуриш ва мунтазам ривожланиш стратегияларининг муҳим қисми сифатида қаровчи янгиланган сиёсий қарашларини такомиллаштириш ва сармояларини оширилишига эришишдир.

Шунингдек, матбуот анжуманида II Бутунжаҳон конференцияси доирасида «Кичик ёшдаги болалар тарбияси ва таълими бўйича Тошкент ҳаракатлар дастури»ни қабул қилиш режалаштирилаётганлиги маълум қилинди.

Тошкентда режалаштирилаётган йиғилиш қатнашувчилари аъзо давлатлар ҳамда ҳамкор давлатлар вакилларидан иборат бўлади. Шунингдек, аъзо бўлмаган давлатлар, ЮНЕСКО ўзаро аъзолик келишувларини якунлаган БМТ тизимидаги муассасаларнинг вакиллари, халқаро давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда бошқа нодавлат ташкилотлари ва тизимлари, жамғармалар, икки томонлама муассасалар ва шу каби институтлар йиғилишга кузатувчи сифатида таклиф қилинади.

Умумий қатнашувчилар сони вакиллар, кузатувчилар ва ЮНЕСКО Котибияти аъзолари ва онлайн қатнашувчилар билан биргаликда 1500 тани ташкил этиши ва онлайн орқали 500 нафар иштирокчилар ҳам кузатиши кутилмоқда.

Маълумот учун, ушбу даражадаги охирги тадбир 2010 йил 27-29 сентябр кунлари Москвада бўлиб ўтган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг