Самарқандда илк бор 10 нафар болада очиқ усулдаги кардиожарроҳлик операцияси ўтказилди
Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 2018 йилда ташкил этилган болалар кардиожарроҳлик бўлимида сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида ўн нафар беморда очиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бўлмачалараро тўсиқ нуқсони ва қоринчалараро тўсиқ нуқсони бўлган икки турдаги юрак пороги операцияси муваффақиятли ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Телетиббиёт имкониятларидан фойдаланиб ўтказилган операцияни россиялик мутахассислар кузатиб борди. Яқин кунларда бўлимда яна ўнлаб бемор болаларда шундай ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиш, жорий йил мобайнида эса яна 300 нафардан зиёд бемор болага шундай юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, марказда Москвадаги А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси илмий марказида фаолият юритган уч нафар юртдошимиз – тиббиёт фанлари номзоди Мақсуд Саидов, малакали шифокорлар Икром Маллаев, Мирзоҳид Темировлар хизмат кўрсатмоқда. Ушбу кардиожарроҳлик бўлимида бир йилга яқин вақт мобайнида саксон нафардан кўпроқ бемор болаларда юқори технологияли операциялар ўтказилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter