Ёшларга тадбиркорлик учун ажратиладиган кредитлар шарти маълум қилинди
Ёшлар томонидан саноат ва тадбиркорлик зоналарида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаш учун кредитлар ажратиш шартлари маълум қилинди. Унга кўра, Норматив ҳуқуқий асослар қуйидагилардан иборат:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.04.2021 йилдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5088 сонли қарори;
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.05.2021 йилдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 294-сонли қарори.
Кредит мақсади: Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш
Кредит линияси миқдори: республика бўйича 100 млн. АҚШ долл.
Кредит олувчи: юридик шахс сифатида ташкил этилган ёш тадбиркор;
Кредитлашнинг устувор йўналишлари: ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида фаолият юритаётган ёш тадбиркорларнинг инвестицион лойиҳалари;
Кредит миқдори: бир тадбиркорлик субъекти учун кредитлаш миқдори
100 минг АҚШ доллари эквивалентигача;
Кредит муддати: 7 йил, шу жумладан имтиёзли давр 3 йилгача;
Фоиз ставкаси:
Миллий валютада - 14 фоиз;
Хорижий валютада – 3 фоиз.
Кредит таъминоти:
1. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги (кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ
500 млн. сўмдан ошмаган миқдорда);
2. Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган суғурта ташкилотларининг суғурта полиси (кредитларнинг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн. сўмдан ошмаган миқдорда).
Молиялаштирувчи банклар: Ўзмиллийбанк, Асакабанк, Халқ банки, Ипотека-банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Агробанк, Туронбанк, Алоқабанк, Микрокредитбанк, Қишлоққурилишбанк.
Шунингдек ёшларнинг инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаш учун кредитлар ажратиш шартлари ҳам маълум қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6260-сонли Фармонига асосан қуйидагилар амалга оширилади.
Кредит мақсади: Ёшларнинг инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш
Кредит линияси миқдори: республика бўйича 100 млн. АҚШ долл.
Кредит олувчи: юридик шахс сифатида ташкил этилган ёш тадбиркор;
Кредитлашнинг устувор йўналишлари: ёшларнинг стартап ва бизнес лойиҳалари, янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган инновацион лойиҳалар, замонавий технологияларга асосланган лойиҳалари;
Кредит миқдори: бир тадбиркорлик субъекти учун кредитлаш миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробари (яъни, 245 млн.сўм) дан 100 минг АҚШ доллари эквивалентигача;
Кредит муддати: 7 йил, шу жумладан имтиёзли давр 3 йилгача;
Фоиз ставкаси: Миллий валютада - 14 фоиз.
Кредит таъминоти: Мол-мулк, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги, суғурта полиси, учинчи шахс кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари.
Молиялаштирувчи банк: Ўзмиллийбанк.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter