Янги солиқ тизими «пайнетчи»ларни синдирмоқдами? ДСҚ муаммога ечим таклиф қилди
Пайнет дўконини юритаман. Мен 2019 йилнинг биринчи чорагида 100 миллион сўм атрофида пул айланмаси қилдим. Шундан сўнг Нарпай ДСИга мени чақиртиришиб, 100 миллиондан ошган сўммага 4 фоиз миқдорида солиқ тўлайсан дейишди. Агар 1 ойда 50 миллион сўм пул обороти қилсам, пайнет компанияси менга 2.5 фоиздан 1250000 сўм мукофот пули тўлайди. Лекин менга 50 миллион сўмга 4 фоиздан 2 миллион солиқ ҳисобланяпти. Яъни, мен қанча катта сумма пул айланмасига эга бўлсам, қарз сўммам шунча ошиб боради ва фақат зарарга ишлашимга тўғри келмоқда. Ҳозирда банкротлик ёқасидаман. Бу вазият барча йўналиши пайнет бўлган ЯТТларда кузатилмоқда. Шу бўйича қандай аниқ ечимларни таклиф қиласиз?
Жамшид Тоғаев,
якка тартибдаги тадбиркор
Тадбиркорнинг «Xabar.uz»га йўллаган ушбу саволига Давлат солиқ қўмитаси матбуотдан қуйидагича жавоб олдик:
— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 350-моддасига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ялпи тушумдан ягона солиқ тўловини 4 фоиз ставкада тўлашлари лозим.
Шу билан бирга, воситачилик хизматлари кўрсатадиган (пайнет) юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарори билан тасдиқланган ягона солиқ тўлови ставкаларига (7-иловаси) мувофиқ, кўрсатилган хизматлар учун ҳақ (фоиз) тариқасида олинган суммадан 25 фоиз миқдорида ягона солиқ тўлови тўланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, телекоммуникациялар операторларига, провайдерларига воситачилик (пайнет) хизмати кўрсатишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар юридик шахс ташкил қилган ҳолда фаолият юритишлари мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
ДСҚ Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter