Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ХВЖ раҳбари 2023 йил оғир келишини башорат қилди

ХВЖ раҳбари 2023 йил оғир келишини башорат қилди

2023 йил дунё иқтисодиёти учун 2022 йилдан-да оғир келади. Хусусан, жаҳон иқтисодиётини тутиб турган уч устун – АҚШ, Европа ва Хитойда ўсиш суръати пасаяди. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бош ижрочи директори Кристалина Георгиева 1 январь куни CBS телеканалига берган интервьюсида гапирган.

2022 йилда дунё бўйича ЯИМ кўрсаткичи 100 триллион доллардан ортди. Унинг 57 фоизи ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Юқори кўрсаткич қайд этган АҚШ (25 фоиз), Хитой (18 фоиз) ва Европа Иттифоқи (17 фоиз) иқтисодиёти жорий йилда жиддий имтиҳондан ўтиши кутилмоқда.

ХВЖ раҳбарига кўра, АҚШда ўсиш кўрсаткичи пасайса-да, мамлакат рецессиянинг олдини ола билади. ЕИнинг ярми рецессияга учрайди. Иқтисодий ўсиш сусайиб бораётган Хитой учун ҳам 2023 йил мушкул кечади. 

К.Георгиева харажатлар ошишини ҳам башорат қилган.

«Пандемиядан кейин таъминот занжирлари қайта тикланмоқда. Ишлаб чиқарувчилар арзон ишчи кучи ва хомашё кетидан қувишни бас қилиб, маҳсулот таннархи ва бизнес барқарорлиги ўртасида мувозанатни таъминлашга интилиши мумкин. Бу эса харажатларнинг ошишига олиб келади», – дейди ХВЖ раҳбари.

Пандемиядан кейин эндигина тикланаётган дунё иқтисодиёти Россиянинг Украинага боскинидан кейин яна турғунликка юз тутди. Таҳлилчиларга кўра, Россия раҳбарияти қўшни давлатга уруш бошламаганида ва Европага қарши энергетик уруш очмаганида, жаҳон иқтисодиёти яна ковиддан аввалги ўзанга тушиб олиши мумкин эди.

2021 йилда жаҳон иқтисодиёти 6 фоизга ўсди. 2022 йилда эса бу кўрсаткич 3 фоизга пасайди. Иқтисодчилар янги 2023 йилда янада пессимистик кўрсаткичларни башорат қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг