Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хориждан техника олиб келган билан мутахассис тайёрламасак, самара бўлмайди — «Ўзкимёсаноат» раҳбари

Хориждан техника олиб келган билан мутахассис тайёрламасак, самара бўлмайди — «Ўзкимёсаноат» раҳбари

Бугун «Навоийазот» заводи ҳудудида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов ва соҳада фаолият олиб бораётган ёшлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида бир қатор таклифлар ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

«Хориждан техникани истаганча сотиб олса бўлади, ускуна олиб келса бўлади, аммо ундан фойдалана оладиган мутахассис бўлмаса, ҳаммаси бекор. Самара бўлмайди.

Бизда Хитой, Япония, Италия ва Швейцариядан келган мутахассислар фаолият юритган. Улардан кам жойимиз йўқ, деб ўйлайман. Аксинча, бизда меҳнатсеварлик қобилияти кучлироқ.

Биз замонавий технологиялардан шундай фойдаланишимиз керакки, ўша техникани ишлаб чиққанлар ҳам қойил қолсин. Ҳамма умид сиз — ёшлардан.

Албатта камчилик ва қийинчиликлар бўлади, аммо ҳозиргидек шароит аввал бўлмаган. Мен ўз вақтида хорижда таълим олганман. Ўша вақтларда юртимизда саноқли лицейлар бўларди.

«Умид» жамғармасидан хорижга ўқишга кетганимда кимё соҳасида биттагина жой бор эди. Энди эса «Эл юрт умиди» жамғармаси асосан техника йўналишида хорижга талабаларни кўп юбормоқда. Фақат бунинг учун хорижий тилларни яхши билиш лозим», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Йиғилиш давомида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси соҳа ходимларининг маошини ошириш борасида саволларга жавоб қайтарди.

«Айни вақтда самарадорликни ошириш бўйича ҳамма жиҳатлар таҳлил қилиб чиқилмоқда. Бизнинг биринчи ўриндаги мақсадимиз — ойлик маошларни ошириш. Аммо бунинг учун олиб бориладиган ишлар бор. Ҳар бир инсон меҳнатига яраша ҳақ олиши лозим», — деди мутасадди.

Ёшлар томонидан шунингдек ишлаб чиқаришда бозор талабларини инобатга олиш таклиф этилди. Хусусан, эскирган цехлар ўрнида маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жорий этиш режалаштириб олинди.

Шунингдек ишлаб чиқаришни такомиллаштириш бўйича ҳар бир цехнинг ўз лабораторияси бўлиши таклиф этилди. Яъни, лаборатория фақат ишлаб чиқарилган маҳсулот таҳлили билан банд бўлиб қолмасдан, балки ишлаб чиқаришни оптималлаштириш лозимлиги таъкидланди. Ушбу таклиф инобатга олинди.

Йиғилиш давомида ёшлар томонидан Орол денгизи ўрнида чўлга чидамли экинлар экишда иштирок этиш, спорт мусобақалари ташкил этиш ва бошқа масалалар кўтарилди. Хусусан, соҳа ходимлари ўртасида аёллар учун волейбол, бадминтон, стол тенниси, шахмат-шашка ва эркаклар учун футбол мусобақалари ташкил этилиши режалаштириб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг