Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқ банки: «Халқимизга балиқ эмас, қармоқ беряпмиз»

Халқ банки: «Халқимизга балиқ эмас, қармоқ беряпмиз»

Орамизда ўз бизнесини ёки тадбиркорлигини йўлга қўйган одамлар кўп ва шу билан бирга давлатдан ёрдам кутиб «берсанг ейман, урсанг ўламан», деб кун ўтказаётганлар ҳам йўқ эмас. Бундоқ ўйлаб қарасангиз ишбилармондаям, дангасадаям шу бош, шу оёқ-қўл... Биринчи тоифадаги одамларга қармоқ муҳим, яъни қармоғи бўлса балиқ овлашдек меҳнатдан қочмайди. Иккинчи тоифадаги одамлар эса қачондир кимдир балиқ тутиб беришини истайди ва камбағалликдан боши чиқмайди.

Яқинда АТ «Халқ банки» молиявий кўмагида фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик объектлари билан танишиш учун Самарқанд вилоятига ташкил этилган пресс-турда бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Банк ажратиб келаётган кредитлар натижасида ҳунармандлар, оилавий тадбиркорлар, шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнес вакиллари қўллаб-қувватланаётганини кўрдик.

– Оилавий тадбиркорлик қиламан деган фуқароларга маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тавсиялари билан 9117 нафар шахсга қарийб 172 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди ва  натижада 9150 кишининг бандлиги таъминланди, – дейди Халқ банки Самарқанд вилояти филиали бошлиғи Ислом Давронов. – Бу кредитларнинг 167,7 миллиард сўми 9086 нафар жисмоний шахсларга берилди. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бизнинг доимий мижозларимиз ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида 3723 нафар ёшларга 70,1 млрд сўм ҳамда 5065 нафар хотин-қизларга 79,6 млрд.сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Кичик устахона катта корхонага айланди

Минг марта гапиргандан бир кўрган афзал. Пастдарғом туманидаги эшик ва деразалар ишлаб чиқараётган «SAMPLASTSERVIS» МЧЖга йўл оларканмиз, шу фикр хаёлдан ўтади.

2008 йилда иш бошлаган кичиккина эшик-дераза йиғиш устахонаси бугун металл эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқариш бозорида етакчи корхонага айланган.

Ўзбекнинг нимаси кўп, қурилиши кўп. Яна хоналари – эшик деразалариям кўп. Демак, талаб ҳам шунга яраша. «SAMPLASTSERVIS» аҳолига бугунги кунда «BIKO PVC» бренди остидаги ПВХ профиллар, дераза ва эшик ромлари асосан маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилади, айрим деталлар эса Германия, Хитой, Туркиядан келтирилади.

–Дастлаб ишлаб чиқариш ускуналари сотиб олиш мақсадида Халқ банки 800 млн. сўмлик кредит маблағи ажратди, – дейди компания сотув бўлими бошлиғи Отабек Эшонқулов. – Айнан банкнинг шу қўллови туфайли корхонанинг бугунги кундаги йиллик даромади 55 млрд. сўмни ташкил этади. 120 га яқин иш ўрни мавжуд. Ҳозирда пластик ва алюмин эшик-ромларга маҳаллий бозордан ташқари Қирғизистон, Тожикистон каби қўшни мамлакатлардан ҳам талаб бор. Ўтган йил Қирғизистонга қарийб 100 минг долларлик маҳсулот сотгандик.

Станокни чапдастлик билан бошқараётган ёшгина йигитчани бир пас кузатиб ёнига бордим. Икки ойдан бери ишлаётган экан. Маошига қизиқдим.

«Икки миллионга яқин маош оламан, мен ўқувчиман-да, устоз ишчиларники уч-тўрт млн. сўмга боради», дейди камгапгина йигитча.

Самарқанд қўлигул ҳунармандлар шаҳри

Бу ерга ташриф буюрадиган хорижлик меҳмонлар ҳунармандаларимиз ўз қўллари билан кашф қилган маҳсулотлардан юртларига эсдаликка нимадир олиб кетмаса бўлмайди.

Доимо хорижлик туристларни ўзига чорлаб турадиган «Конигил туризм қишлоғи»да тошбосма қоғоз ишлаб чиқаришдан тортиб, мунчоқдан тақинчоқлар, тиллақошлар тўқиш, тикувчилик, терига, тошбосма қоғозга сурат чизиш каби қўл меҳнатини кўришингиз мумкин.

– Конигил ҳунармандлар маҳалласи. Биз сандиқсозлик билан шуғулланамиз, – дейди ҳунарманд Дилфуза Раззоқова. – Ҳунарманд ижод одами. У фақат бир иш билан чегараланиб қолмайди. Бошқа ҳунарнинг ҳам сир-асрорини ўргангиси келади. Шу боис ҳунармандчилик йўналишида тадбиркорлар сафини кенгайтириш учун Халқ банкидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. Сандиқсозлик ёнига заргарлик, тикувчилик, тўқувчилик ҳунарлари қўшилди. Оилавий корхонамизда дастлаб 12 киши ишлаётганди, ҳозир эса улар сони 66 нафарга етди.

Эътиборимизни кичкина қоғозчаларга, терига шарқ миниатюрасини чизаётган ёшлар тортди. Улар билан суҳбатлашарканмиз лойиҳалари, келгусидаги режаларига қизиқдик.

– Турмуш ўртоғим тикувчи. Халқ банкининг имтиёзли кредит олди ва  тикувчилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди, – дейди Мурод Қўшаев. – Бугунги кунда аёлимнинг иши юришганини кўриб ўзимда ҳам янги режалар туғилди. Яъни, мен ногиронлиги бўлган болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун терига ва қоғозга расм чизиш йўналиши бўйича шогирдлар етиштириб чиқармоқчиман. Ушбу лойиҳамни амалга ошириш мақсадида тегишли ташкилотларга ҳужжат топширганман, яъни маблағ масаласида.

– Сизнингча, ушбу лойиҳани амалга оширишга қанча пул керак бўлади, – сўрайман суҳбатдошимдан.

 – Лойиҳамни амалга ошириш учун 200 миллион сўм маблағ зарур бўлади...

Мен ёш ҳунарманднинг ишларига муваффақиятлар тилаб, улардан узоқлашаман ва ишонаманки Халқ банки яна бир мижозни қўллаб- қувватлайди.

Ахир банк Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар филиаллари томонидан жорий йилнинг беш ойи давомида 12 минг 473 нафар фуқарога 336 миллиард 538 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган. Демак, 12 мингдан ошиқ фуқаронинг лойиҳалари амалга ошган, уй-жойи таъмирланган, тадбиркорлиги йўлга қўйилган, ишчи ўринлари яратилган.

Халқ банкининг вилоятдаги филиалларининг жами кредит портфели қанча деб ўйлайсиз. Бизни ҳам шу савол қизиқтирди ва қуйидаги жавобни олдик – 1 667 334 млрд сўм.

Биз Самарқандда тадбиркорлик «дарёсига» қармоқ ташлаб даромад, бойлик, ишбилармонлик деган катта-катта «балиқларни овлаётган» ҳамюртларимизни кузатиб, суҳбатлашиб шунга амин бўлдик: бугун ишлайман, ўз бизнесимни юритаман, тадбиркорлик қиламан дейдиганлар учун Халқ банки доимо қармоқ бериб балиқ тутишни ўргатишга тайёр. Ишонмасангиз сиз ҳам бир қизиқиб кўрингда...

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг