Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Виртуал пуллар келажак валютасими ёки улкан қаллоблик қуроли?

Виртуал пуллар келажак валютасими ёки улкан қаллоблик қуроли?

Криптовалюталарнинг энг машҳури ва қиммати биткоиндир

Foto: www.likeni.ru

Ҳозирда иқтисод оламида энг кўп шов-шув кўтараётган воситалар криптовалюталардир. Айнан криптовалюталар тортишувлар ва зиддиятларга сабаб бўлаётгани ҳам бор гап. Кимдир бу воситаларни тўлов воситаси эмас, шунчаки қачондир ёриладиган пуфак ёки пирамида деб атаётган бўлса, яна кимдир келажакда айнан криптовалюталар оддий ёки бизнинг тасаввуримиздаги одатий пулларни сиқиб чиқариши ҳақида бонг урмоқда. Иккинчи тоифадагилар кўпроқ шекилли, виртуал валюталар қиймати ошгандан-ошиб боряпти. Хўш, аслида-чи, криптовалюталарга ишониш мумкинми? Ўзбекистонда бу воситаларга муносабат қанақа?

Муҳтарам ўқувчининг криптовалюталарга бўлган муносабатини шакллантиришга уринмаган ҳолда бу саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Криптовалюталарнинг энг машҳури ва қиммати биткоиндир. Лекин ҳар қандай бойлик манбалари сингари уларнинг ҳам турлари кўп. Энг машҳурлари қуйидагилардир:

1. Bitcoin
2. Ethereum
3. Ripple
4. IOTA
5. Litecoin

Биз ҳам виртуал пуллар бозорининг деярли 70 фоизини эгаллаган биткоин мисолида рақамли пуллар имкониятларини ўрганамиз.

Биткоин нафақат виртуал, балки реал шаклда ҳам мавжуд.
Фото: «Geektimes»

Демак криптовалюта:

  1. Бирор давлат, ташкилот, гуруҳ ёки инсон томонидан бошқарилмайди. Яъни, уни назорат қилувчи ҳам, жавобгар ҳам йўқ;

  2. 2. Қиймати фақат талаб ва таклифга кўра ўзгаради. Лекин, қиймат қанча ошмасин ёки тушмасин умумий биткоинлар сони ўзгармайди – 21 миллион дона;
    3. Баҳоси узлуксиз ошиб бораётгандай туюлса-да, кескин тушиб кетиш ҳоллари ҳам талайгина. Аммо, умуман олганда, қиймати кескин ошиб кетгани рост. 2009 йили муомалага киритилганидан кейин дастлабки бир йил давомида 1000 дона биткоин 0,3 центга баҳоланган, 2010 йили 10 минг дона биткоинга иккитагина пицца сотиб олиш мумкин бўлган. Ҳозирда битта виртуал танганинг баҳоси 17 минг долларга етганини ҳисобга олсак, биткоин реал пулга алмаштирила бошлангандаги даврда унга тикилган 100 доллар бугунги кунда 200 миллион доллардан ошиб кетади;
    4. Бундай валюта билан амалга оширилган ҳар қандай операция ҳақидаги маълумотлар очиқ бўлади, аммо операция бажарувчи сир тутилади;
    5. Биткоин билан тўловни ортга қайтаришнинг умуман имкони йўқ. Ҳатто, бу тўлов мажбурликдан ёки алдов йўли билан амалга оширилгани исботланса ҳам (аслида амалда буни исботлашнинг ҳам иложи йўқ);
    6. Биткоиннинг муаллифи ва уни қўллаш бўйича кўрсатмалар яратувчиси сифатида япон дастурчиси Сатоши Накамото кўрсатилса-да, амалда уни йўлга қўйган бирор инсон шахсияти маълум эмас. Ҳаттоки, Сатоши Накамотонинг кимлиги ҳам номаълум;
    7. Сўнгги курслар бўйича биткоин криптовалютасининг умумий қиймати АҚШнинг молиявий гигантлари бўлган, асрлар давомида иқтисод олами эталонлари ҳисобланган Morgan Stanley, Goldman Sachs Group каби ташкилотларнинг бозор қийматини ортда қолдирди ва ҳақиқий саросималарни юзага келтирди. Кўпчилик криптовалюталар бозорини молиявий эҳром дея баҳолаб, тез орада ёрилувчи совун кўпигига қиёслай бошлади;
    8. Виртуал пуллар шу қадар тез оммалаша бошладики, улар харид талаби бўйича минг йиллик етакчиси бўлган олтинни ҳам ортда қолдириб, сўров бўйича мутлақ етакчига айланиб олишди. Бу тизимга жиддий қараган Япония криптовалюталарга расман рухсат бериш билан бирга улардан фойдаланишни тартибга солиб чиққан бўлса, Боливия, Бангладеш, Эквадор, Непал ва Қирғизистон каби давлатлар бундай валютага расман тақиқ қўйди ва уларни қонундан ташқарида деб эълон қилди. Қолган аксарият давлатлар ҳукуматлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам ҳозирча кутиш ва чеклов услубида эҳтиёткорлик билан кузатиш позициясини маъқул кўрмоқдалар;
    9. Биткоин нафақат виртуал, балки реал шаклда ҳам мавжуд. Унинг металл танга турида биткоин коди яширинган бўлиб, айнан ўшалар кундалик тўловда кўпроқ ишлатилади;
    10. Криптовалюталар тизими хакерлар ҳужумига жуда кўп учраётгани қайд этилган. Айнан хакерлар бу тизимнинг жуда мустаҳкамлигини қайд этган ҳолда, унинг ортида ўта ақлли инсонлар турганини таъкидлаганлар.

Аброр Зоҳидов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг