Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вазирликнинг 84 нафар ходими яшаши учун Тошкентдаги меҳмонхонага салкам 1 миллиард сўм сарфланди

Вазирликнинг 84 нафар ходими яшаши учун Тошкентдаги меҳмонхонага салкам 1 миллиард сўм сарфланди

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг 84 нафар ходими 22 кун давомида Тошкент шаҳридаги меҳмонхонада яшаб, овқатлангани учун қарийб 1 миллиард сўм тўлов амалга оширилган. Бу ҳақда «Kun.uz» нашри хабар бермоқда.

Давлат харидлари бўйича очиқланган маълумотга кўра, вазирликнинг 84 нафар ходими Тошкент шаҳрида жойлашган Inter Hotel (собиқ Intercontinental) меҳмонхонасида 22 сутка яшаб, уч маҳал овқатлангани ҳамда меҳмонхона анжуманлар залидан фойдалангани учун 918 миллион 677 минг 500 сўм тўлов амалга оширилган.

Вазирлик ва меҳмонхона ўртасида тузилган 7 апрель кунги шартномага қўшимча қилинган ҳужжатга мувофиқ, ҳар бир ходимнинг меҳмонхонада яшаб, овқатланиши бир сутка учун 515 минг сўмга баҳоланган. Анжуманлар залидан 22 сутка фойдаланиш учун эса 77 миллион 402 минг сўм тўлаб берилган. 

Таъкидланишича, ушбу шартнома Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг тегишли хатига асосан меҳмонхона билан тўғридан тўғри тузилган. 

Нашр  мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ходимлари нима сабабдан Тошкентдаги меҳмонхонада 22 кун яшагани ҳақида савол йўллаган.

Ушбу хабарга: «Вазирлик ходимлари нима учун меҳмонхонада яшаганлиги ҳозирча расман маълум қилинмади, лекин катта эҳтимол билан улар коронавирус чиққанлиги сабабли карантинда бўлишган.

Бу ҳали биттагина вазирликнинг аниқланган харажати холос. Яна бошқа жуда кўплаб давлат органлари ҳам ходимларини худди шундай турли меҳмонхоналарда карантинда сақлашган эди. Бунинг учун давлат бюджетидан жами қанча харажат кетган экан-а, қизиқ», дея муносабат билдирган блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг