Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Uzbekistan Airways» хорижий компания бошқарувига берилиши мумкин

«Uzbekistan Airways» хорижий компания бошқарувига берилиши мумкин

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Коронавирус пандемияси оқибатида бутун дунёда транспорт алоқалари деярли тўхтаб қолди. Соҳадаги компаниялар бундан жиддий зарар кўрмоқда. Масалан, биргина авиация тармоғида жорий йил якунигача дунё буйича 113 миллиард доллар йўқотилиши тахмин қилинмоқда.

Мамлакатимиз транспорт корхоналари карантин чекловлари сабабли ҳозиргача 340 миллиард сўм зарар кўрган. Эпидемиологик вазият барқарорлашгунча бу рақамлар яна ошиши аниқ.

Шу боис, соҳада пандемиянинг таъсирини юмшатиш, корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Масалан, карантиндан энг кўп зарар кўрадиган «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятларининг 122 миллион доллар кредитлари тўлов муддатлари узайтирилди, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилди.

Йиғилишда янгича шароит ва талаблар асосида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Транспорт вазирлигига «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятларини пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Европа-Хитой йўналишида юк ташиш бозорига кириш орқали қўшимча даромад олиш, жорий ва инвестициявий харажатларни оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, «Uzbekistan Airways»ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилди.

Аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг