Тошкентда нон йўқ. «Тошкент-нон» сабабини айтишдан бош тортди
Бугун, 28 февраль куни эрталабдан Тошкент шаҳридаги дўконлар, супермаркетларда «бўлка нон» йўқ. Ҳамманинг оғзида шу гап. Текшириш учун мухбиримиз ҳам бир неча дўконларни айланиб келди. Рост, нон келмаган. Сабабини сўрасак, ун йўқ, сотувчилар нон заводлари тарқатишни тўхтатиб қўйганини айтди.
Ун йўқ бўлса, нон нархи ошиши мумкин. Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Ўздонмаҳсулот» АКнинг Дон маҳсулотларини қайта ишлаш ва маҳсулотларнинг янги турини жорий этиш бошқармаси билан боғландик.
— Биз нон сотуви ва етказиб бериш ҳақида маълумотга эга эмасмиз, бу билан «Тошкент-нон» ишлаб чиқариш уюшмаси шуғулланади, — деди гўшакни кўтарган ходим. — Ун нархига келсак, ошмайди! Бир неча йилдан бери оширмай келяпмиз.
Жавоб учун раҳмат айтиб, «Тошкент-нон»га сим қоқдик. Ўзини таништирмаган ва мухбиримиз билан суҳбатни охиригача етказмаган (балки алоқа узилиб қолган бўлиши ҳам мумкин) ходим пойтахтдаги бугунги нон тақчиллигини тасдиқлади:
— Ҳа, бугун ростдан ҳам Тошкентда нон етишмовчилиги кузатилди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Лекин бу муаммо ҳал этилиб, эртадан барча дўконларга нонларни етказиб берамиз.
«Ўзига яраша сабаблари» ҳақида ҳар қанча сўрамайлик, барибир айтмади ва суҳбатимиз узилиб қолди. Ҳозирча бор маълумот шу. Муҳими, бугун Тошкент дўконларида буханка нон бўлмаслиги аниқ. Шунга тайёргарлик кўриб қўйинг.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter