Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ташқи қарз: эр ер сотмайди!

Ташқи қарз: эр ер сотмайди!

Фото: «Russian.eurasianet.org»

Шу кечаю кундузда давлатимиз ташқи қарзига нисбатан «хавотир»ли ёки «аниқлаштирувчи» саволлардан бири қуйидагича янграмоқда: «Агар олинган ташқи қарзларни қайтариш имкони бўлмаса, унинг эвазига давлат ўз ҳудудидан бир қисмини қарз тўлови сифатида бериши ростми?» Савол шу даражада «қўрқинчли»ки, унга зудлик билан жавоб бермасак — бўлмайди. Ахир юртдошларимизнинг бир қисмини Ватанимиз ҳудудининг «бир бўлаги»дан ажралиб қолиш хавфи безовта қилмоқда.

Аслида, бу саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб, «Йўқ, рост эмас! Ёлғон!» — деб қўйсак ҳам бўлади. Лекин бу ўринда биз «кейин»ини ҳам ўйладик. Шу муносабат билан бу саволга жавоб бериш жараёнида, ҳеч бўлмаганда, «муаммо»нинг бир неча жиҳатларини қайд этиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Марҳамат, улардан огоҳ бўлинг:

  1. Аввало, шундай саволни «кўтарган» ёки кун тартибига «қўйган» юртдошимизга раҳмат. Зеро, бу умуман «қарз масаласи»да ва, шу жумладан, давлатимиз ташқи қарзига нисбатан бефарқ эмасликни ифодалайди;
  2. Аслида, бу саволнинг жавоби фақат уни «кўтарган» юртдошимизнигина эмас, балки Она-Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ҳамюртимизни ҳам қизиқтириши, табиий;
  3. Бунинг устига, савол «ғойиб»дан ёки «бежиз» пайдо бўлгани йўқ. Зеро, ОАВда ёки интернет турли саҳифаларида қўшнимиз Тожикистон ҳудуди бир қисмининг ташқи қарз билан боғлиқ равишда Хитойга узоқ муддатли ижарага берилиши хусусида «хабар»лар «урчиб» кетганлигини кўпчилигимиз биламиз;
  4. Энг умумий кўринишда, давлат томонидан олинган ташқи қарзнинг қай шаклда қайтарилиши уни берган томон (қарз берувчи) билан ҳамкорликда тузилган шартномада шу масала бўйича томонларнинг, жумладан, қарз олувчининг ҳам, қандай тўхтамга келинганлигига боғлиқ. Бу нарса ана шу шартномада, албатта, акс эттирилади;
  5. Одатда, шартномада олинган ташқи қарзнинг бутун дунё миқёсида «олди-берди», яъни фан тилида айтадиган бўлсак, эркин конвертация қилинадиган (алмаштириладиган) валюталардан бирида (АҚШ доллари, евро, фунт стерлинг, иена ва б.) қайтарилиши кўзда тутилади;
  6. Айрим ҳолларда, истисно тариқасида, давлат ташқи қарзини қайтаришда «пул»нинг ўрнига бошқа бир «товар»дан (масалан, газ, нефть, олтин, технология ва б.) ҳам фойдаланиш мумкин. Бироқ ҳозирги пайтда давлат ташқи қарзини қайтаришнинг «товар» шаклидан амалиётда деярли фойдаланилмайди;
  7. Мамлакат ҳудудининг бир қисмидан давлат қарзини қайтаришда фойдаланиш «амалиёт»ини тарих билмайди. Тўғри, бир замонлар, масалан, Франциянинг Эльзас ва Лотарингия вилоятларини Германия «олиб» қўйган. Ҳозирги Польшанинг ерлари ҳам бир пайтлар «талон-тарож» қилинган. Лекин улар ҳеч бирининг «ташқи қарзни қайтариш масаласи»га — мутлақо алоқаси йўқ;
  8. Ўзбекистон ташқи қарзининг ортиб бораётганлигидан «ташвиш»га тушаётган ҳамюртларим асло «безовта» бўлмасалар ҳам бўлади. Ҳақиқатан ҳам, бу нарса мамлакатимиз ҳудудининг яхлитлигига асло рахна сола олмайди. Бунинг устига, ташқи қарзни қайтариш масаласида Ўзбекистон раҳбарияти ўз ерининг бир қисмини эътиборга олиш у ёқда турсин, ҳатто, уни гаровга қўйишни ҳам хаёлига келтирмаган. Зеро, ўтган асрда Мирзакаримбой Йўлчига қарата ишлатган «Эр йигит ер сотмайди!» биздан чиққан эмасми?!...

Тоҳир МАЛИКОВ

иқтисод фанлари доктори, профессор

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг