Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Tashkent city»да ер нархи қанча экани маълум бўлди

«Tashkent city»да ер нархи қанча экани маълум бўлди

Фото: «Uza.uz»

«Tashkent city» халқаро ишбилармонлик марказида Тошкент шаҳар ҳокими томонидан матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилгани ҳақида хабар бергандик.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, «Tashkent City» каби йирик миқёсли лойиҳани ўз қўлига олишга қодир компания Ўзбекистонда шу вақтгача бўлмаган. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

«Tashkent City раҳбари бўлган вақтим (ҳоким в.б. этиб тайинлангунига қадар — таҳр.) давлат раҳбари таклифи билан мен қурилишни уч йил ичида тамомлашим керак эди. Мен 700 инвестор билан учрашдим. Бирортаси ҳам рози бўлмади, чунки бу жой жозибадор кўринмади. Бирорта ҳам компания бу лойиҳани уч йилда амалга ошириш мумкинлигига ишонмади», — деди у.

Шу муносабат билан Жаҳонгир Ортиқхўжаев миллий компанияларга мурожаат қилди. «Кейин мен ўзим билган йирик компанияларга — Murad Buildings (4-лот), Real House (2- лот) мурожаат қилдим. Бу жойнинг жозибадорлигини тушунтирдим. Қанчалик қийин бўлмасин, улар рози бўлишди. Мен Ўзбекистонда бу каби мард компаниялар кўпроқ бўлишини истардим», — деди у.

Ҳоким «Tashkent City» лойиҳасининг барча иштирокчилари учун бир хил шартлар таклиф этилганини таъкидлаган.

«Бошқа инвесторларга келсак, маҳаллий компаниялардан «Family Group» бор. Учта миллий банк бор. Тан оламан, банклар ҳам аввалига ишонишмади. Мен банкларга бордим, бошқарув билан гаплашдим, истиқболларни тушунтирдим. Якунда уйлар бузилиб, одамлар кўчишни, бинолар қурилиши бошланганидан кейин банклар ҳам жой олишни бошлади. Бироқ барча иштирокчилар учун шартлар бир хил: 1 сотих — 20 минг доллар ёки бир гектар — 2 млн доллар. Барча учун бир хил сумма», — деди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг