Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари ноқонуний савдосининг олди олинди (фото)
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси «Xabar.uz»га маълум қилишича, 2019 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан пойтахтимизда ўтказилган назорат тадбирларида жами 11 минг 275 дона (қути) умумий қиймати 109 миллион 400 минг сўмлик тамаки маҳсулотлари ноқонуний савдосининг олди олинган.
Бундан ташқари, профилактик тадбирлар давомида 791 шиша умумий қиймати 57 миллион 500 минг сўмлик алкоголь маҳсулотлари савдога қонунга хилоф равишда қўйилгани аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Тадбирлар давомида Яшнобод тумани, Фарғона йўли кўчаси «Қўйлиқ» шоҳбекати ёнида жойлашган савдо дўкони кўздан кечирилганида фуқаро Усмон Қулиев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз 779 дона (қути) умумий қиймати 7 миллион 936 минг сўмлик акциз маркасиз, хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланди.
Яшнобод туманида ўтказилган тадбирлар давомида ҳудуддаги Бойқўрғон кўчасида чакана савдо фаолияти билан шуғулланаётган яна бир фуқаро Зоирхўжа Суннатхўжаев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишда давом этаётгани маълум бўлди. Тадбир давомида якка тартибдаги тадбиркор томонидан савдога қўйилган 18 турдаги умумий қиймати 2 миллион 838 минг сўмлик акциз маркасиз тамаки маҳсулотларининг ноқонуний равишда сотилишининг олди олинди.
Назорат тадбирлари пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам ўтказилди. Ҳудуддаги аҳоли гавжум жойларда ўтказилган тадбирлар давомида 14 нафар фуқаро томонидан белгиланган тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан, 1 694 дона (қути) умумий баҳоси 15 миллион 560 минг сўмлик акциз маркали ва 1 616 дона (қути) умумий баҳоси 17 миллион 784 минг сўмлик акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланиб, қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Тошкент шаҳар ДСБ хабарига кўра, профилактик тадбирлар жараёнида инсон соғлиғи учун зарар етказадиган, сифат сертификатига эга бўлмаган маҳсулотларни ноқонуний савдога қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Жумладан, Миробод тумани, Меҳржон кўчаси 72-уйда жойлашган савдо дўкони кўздан кечирилганида 29 турдаги, 56 шиша, умумий қиймати 11 миллион 296 минг сўмлик акциз маркасиз, қалбаки акциз маркали ва яроқлилик муддати ўтган алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланган.
Учтепа туманида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида 11-мавзе, Заргарлик кўчаси, 4-уйда жойлашган савдо дўконида яроқлилик муддати ўтган ва эски акциз маркаси билан маркаланган алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилгани маълум бўлди. Профилактик тадбир давомида 26 турдаги 706 дона умумий қиймати 33 миллион 341 минг сўмлик алкоголь маҳсулотлари ноқонуний равишда савдога қўйилгани аниқланиб, қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Бектемир тумани «Қўйлиқ деҳқон бозори» ҳудудида ўтказилган профилактик тадбирларда фуқаро Жамила Абдуллаева (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) бозор ҳудудида ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган, умумий баҳоси 169 минг сўмлик қўлбола спирт маҳсулотларини савдога қўйгани аниқланди. Яна бир фуқаро Мухаш Асанов (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) томонидан 157 дона умумий қиймати 1 миллион 418 минг сўмлик алкоголь маҳсулотлари ноқонуний равишда савдога қўйилгани маълум бўлди.
«Ҳурматли тадбиркорлар! Унутманг, ҳалол тадбиркор давлат ҳимоясида. Ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш эса доимий назоратда», — дейилади Тошкент шаҳар ДСБ мурожаатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter