«Кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлиши мумкин» — президент солиқдаги ўзгаришлар ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда.
Давлат раҳбари микромолия ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ҳақида тўхталди:
Еттинчидан, кўплаб мурожаатларда бизнесни молиялаштириш манбаларини янада кўпайтириш мақсадида нобанк кредит ташкилотларини очиш ва юритишга бўлган мавжуд талабларни камайтириш ва енгиллаштириш сўралган. Бу таклифлар бизга жуда маъқул.
Шунинг учун, жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди, улар фаолиятини бошлаши учун фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя.
Шунингдек, бундан буён уларга касса хоналари ташкил этиш, ҳудудларда филиаллар очиш учун Марказий банкнинг розилигини олиш шарт бўлмайди.
Улар томонидан тадбиркорларга бериладиган микрокредит (300 миллион сўм) ва микролизинг (600 миллион сўм) учун амалдаги чекловлар ҳам олиб ташланади.
Шу билан бирга, микромолия ташкилотларига бошқа ташкилотлардан маблағлар жалб қилиш, облигациялар чиқариш ҳуқуқлари ҳам берилади.
Шунингдек, ушбу ташкилотлар худди банклар каби тўловларни қабул қилиш ваколатига ҳам эга бўладилар.
Умуман, ушбу янги имкониятлар ҳисобидан ҳам кредит бозорида тадбиркорларимиз учун йилига қўшимча 10 триллион сўм маблағ шаклланади.
Иккинчи йўналиш – солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди:
– Маълумки, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлиши мумкин, яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди.
Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъи назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 20-25 фоиз фойдасига тенг бўлган.
Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобига, 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлдилар.
Молк-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга камайтирилди. Аниқ мисоллар билан гапирадиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электротехника саноатида эса, 20 фоизгача камайди.
Айниқса, пандемия даврида харажатларимиз кескин ошганига қарамай, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди.
Бу эса, ўз навбатида тадбиркорлар ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини берди.
Лекин, солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилиги бўйича тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган ҳақли саволлар ҳали жуда кўп.
Биринчидан, ўтган йили янги Солиқ кодекси амалга киритилганидан кейин, 23 та махсус иқтисодий зона иштирокчилари аввалги имтиёзларимиз сақланиб қоладими ёки йўқми, деб безовта бўлмоқдалар.
Бу борада бир фикрни аниқ қилиб айтмоқчиман: 2020 йил февраль ойида «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади.
Шунингдек, ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга олиб келинган хом ашё импорт божидан озод этилади.
Лекин, бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш бўйича катта ислоҳотларни олиб бораяпмиз.
Шу боис, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади.
Ушбу тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради.
Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди, — деди Президент.
Давлатимиз раҳбари солиқ тизимини такомиллаштиришга оид иккинчи йўналишни давом эттирди:
Иккинчидан, мамлакатимизда қурилиш соҳасида ҳам, катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Маҳсулот таннархини камайтириш бўйича 50 дан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналардан таклифлар келиб тушган.
Масалан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ цементнинг таннархида – 14 фоиз, асфальтда – 10 фоиз, қум-шағал аралашмасида – 7 фоизни ташкил этади.
Шу боис, норуда қазилмаларга (қум-шағал, оҳактош, гипс, доломит каби) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилади. Бунинг ҳисобига, 1,5 мингга яқин корхоналар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм маблағ қолади.
Учинчидан, биз хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Янги иш ўринларини қисқа муддатларда яратадиган соҳалардан бири ҳам сервис соҳаси ҳисобланади.
Пандемия давом этаяпти ва бу хизматлар соҳаси, айниқса умумий овқатланиш ва туризм корхоналари учун қанчалик оғир бўлаётганинибарчамиз кўриб турибмиз, албатта.
Бу борада, умумий овқатланиш ва туризм корхоналаридан ўтган йили берилган имтиёзларни узайтириш бўйича 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Шу боис, жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонасини йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қиламиз. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир.
Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади.
Шу билан бирга, туризм компаниялари ва меҳмонхоналарни туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилсак, нима дейсизлар?
Бу – ҳозирги қийин шароитда тушуми камайиб кетган 2 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 150 миллиард сўм қолади, дегани.
Тўртинчидан, бугунги кунда 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд.
Пандемия сабабли ушбу тадбиркорларга жарима солиш ва бугунги кунгача қўлланилган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш жорий йил якунига қадар тўхтатилади.
Бешинчидан, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш юзасидан жиддий чораларни амалга оширишимиз зарур.
Келгуси йил 1 январдан бошлаб солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди.
Ҳозирда, 228 мингта кичик тадбиркорларда бухгалтер йўқ. Оқибатда, солиқ ҳисоботларини камчиликлар билан топширган 32 мингга яқин тадбиркорга молиявий жарима солинган.
Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса тўлиқ бекор қилинади.
Шунингдек, солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани, мени хавотирга солмоқда. Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланилган бўлса, жорий йил 6 ойда 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган.
Шунинг учун Қўчқоров, Ишметов, Қудбиев, Давлетов, Қосимов бир ой муддатда, солиқ идораларининг камерал назорати натижасига кўра, молиявий жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш бўйича таклиф киритсин.
Олтинчидан, амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобот топшириши билан бирга, ундаги фарқни қайтариш учун солиқ идораларига алоҳида мурожаат қилишга мажбур.
Бу – 14 минг тадбиркорнинг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлиб, улар учун қўшимча вақт, ортиқча сарсонгарчилик дегани.
Ишметов, Қудбиев бу масалани чуқур ўрганиб, келгуси йилдан қўшилган қиймат солиғини қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартибини амалиётга жорий этсин.
Еттинчидан, “Саг-Агро” корхонаси раҳбари Камол Абдуллаев ва бошқа 200 дан ортиқ тадбиркорлар солиқ ва божхона идораларига тўланган қўшилган қиймат солиғини “зачёт”га олиш, яъни ўзаро ҳисоб-китоб қилиш имкониятини сўраган.
“Саг-Агро” корхонасининг солиқ базасида 700 миллион сўм ортиқча тўлови бўла туриб, божхонада 1,4 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қўшимча тўлашга мажбур бўлган.
Шунинг учун, келгуси йилдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади.
Яъни, солиқ идораларида мавжуд қўшилган қиймат солиғи ортиқча тўловлар божхона тўловларини амалга ошираётганда ҳам инобатга олинади. Ушбу енгилликдан 10 мингдан зиёд тадбиркор фойдаланиши мумкин бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter