Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сублимация усулида қуритилган мевалар — келажак экспорти

Сублимация усулида қуритилган мевалар — келажак экспорти

Сублимация — бир ҳолатнинг иккинчи ҳолатга ўзгариши. Бир сўз билан айтганда, ўзимизда тайёрланадиган қўлбола мевақоқилар ҳам сублимацияга мисол бўла олади. Миллий банк кўмагида мева-чевани қайта ишлайдиган SubDry корхонаси ушбу жараённи юқори технологиялар ёрдамида санъат даражасига кўтарган.

Корхонада тайёрланган мева-чева асл ҳолатини 95-98 фоизгача сақлаб қолади. Бунинг учун маҳсулот тайёр ҳолатга келгунга қадар бир нечта босқичдан ўтади.


Биринчи босқичда ювилган ва тозаланган мевалар -40 даражали музлатгичга йўллайди. У ерда 4 соат турган махсулот бирданига совутиш натижасида аслига жуда яқин холатда музлайди. Мутахассисларнинг айтишича, сублимациядаги энг муҳим жараён ҳам айнан шу.

Иккинчи босқичда мева-сабзавотлар намлиги бир неча соат давомида тўлиқ тортиб олинади. Ушбу жараёнда маҳсулот қуритгичда қанча вақт туриши қурилма функцияси томонидан белгиланади.

Шундан сўнг махсулот қадоқлаш босқичига ўтказилади. Намликни сўриб олувчи вакуум билан жихозланган махсус хонада қоғозларга ўралаётган махсулот хавфсизлиги таъминланади.

Маҳсулот нафақат сифати балки кўриниши билан ҳам иштаха тортар бўлиши шарт. Сублимация ушбу талабни ҳам четлаб ўтмайди. Шу билан бирга мева таркибида антиоксид, фойдали витаминлар, минерал модда ҳамда микроэлементлар тўлалигича сақланиб қолади. Албатта вазн бу борада жуда хам омадли эмас. Сабаби жараён уни кўп йўқотишларга мажбур қилади. Масалан, 1 кг қуритилган ўрик ва лимонга 7 кг, қовун учун эса 12 кг янги махсулот керак бўлади.

Худди мана шундай товар учун корхона кунига 2-4 тонна мевани қайта ишлаб, 500 кгдан 1 тоннагача тайёр махсулот ишлаб чиқаради. 100 фоиз экспортга йўналтирилган корхона лойиҳаси Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан молиялаштирилган.

Қадоқланган меваларнинг асосий харидори — Испания, Хитой, Исроил, Германия ва Россия. Майдони 1 гектар бўлган корхонада бугун яна шунча қувватга эга техникалар ўрнатишга жой хозир. Демак тез орада, ишлаб чиқариш хажми икки баробарга ошади.

Эътиборли томони, SubDry мевалар чиқиндисидан ҳам фойдаланишни оптимал усулини режа қилган. Унга кўра тез кунларда ўрик данаги ва қовун уруғидан ёғ олиш йўлга қўйилади.

Бугунги корхонада 33 нафар ходим иш олиб бормоқда. Яқин вақтлар ичида Миллий банк кўмагида яна 600 киши мавсумий иш билан таъминланиши режалаштирилган.

— Сардоба туманига Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки асосий банк сифатида бириктирилган бўлиб, бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилган.

Мазкур қишлоқ хўжалиги ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун туманимизда 308 гектар ажратилган ва ҳозирги кунда 147 гектар ерда аҳоли мавсумий ишларга жалб этилган, — дейди Сардоба тумани ҳокими ўринбосари Шухрат Отабоев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг