«Шубҳали» солиқ операциялари учун хорижда қандай жазо қўлланилади?
Сўнгги кунларда Давлат солиқ қўмитаси томонидан қўшилган қиймат солиғи тўловларини ноқонуний равишда камайтирган ва «шубҳали» операцияларни амалга оширган 396 та тадбиркорлик субъектлари билан муносабатларга киришган 8 536 та тадбиркорлар томонидан қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобга олинган 955 млрд. сўм миқдорида солиқ тўловларига ўзгартиришлар киритилганлиги жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳам ўрганилди. Хусусан, куни кеча Парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан қўшилган қиймат солиғи тўловларини ноқонуний равишда камайтирган ва «шубҳали» операцияларни амалга оширган тадбиркорлик субъектлари бўйича Давлат солиқ қўмитаси раисининг ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, шу кунгача аниқланган ҳолатлар (дастлаб 396 та тадбиркорлик субъектлари ва улар билан муносабатда бўлган 206 та давлат корхоналари) бўйича солиқ кодексининг 14, 15 ва 266-моддаларига мувофиқ тегишли чоралар кўрилган. Камерал текширувлари ўтказилган солиқ тўловчиларнинг 95,1 фоизида шубҳали операциялар ўз тасдиғини топган.
Қўмита эшитувида депутатлар томонидан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловларини ноқонуний равишда камайтириш мақсадида «шубҳали» операцияларни амалга оширган деб топилган тадбиркорлик субъектларининг эътирозига сабаб бўлаётган омилларга қаратди.
Бунда депутаталар тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйилган ноқонуний хатти-ҳаракатларига жазо қўллашдан олдин, уларни келтириб чиқараётган сабабларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. Яъни, тадбиркорлар (ҚҚС) тўловларини тўлашда ноқонуний йўллар билан уларни айланиб ўтмасдан, балки солиқларни тўлашдан манфаатдор бўлиш механизмларини ишлаб чиқиш таклифларини бериб ўтди.
Давлат солиқ қўмитасининг берган ахборотига кўра, бугунги кунда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотига нисбатан яширин (хуфёна) иқтисодиёт 50 фоизлар атрофида. Бунинг келиб чиқиш сабаблари жуда кўп, айримларида эса тизимли характерга эга эканлиги ахборотда таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, солиқ тизимига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқларнинг мавжудлиги ҳам шу каби муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, депутатлар солиқ сиёсатини амалга ошириш борасида ваколатли давлат органлари томонидан солиқ тўлаш маданиятини ошириб боришнинг тизимли чораларини етарли даражада ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Солиқ маданиятини оширишда тарғибот ва ташвиқот ишлари доимий равишда олиб борилса яхши натижа беради. Лекин, уларнинг самара бериши узоқ вақтни талаб этади. Шу ўринда қонунларни ҳурмат қилиш ва уларга амал қилишни талаб этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш лозимлиги депутатлар томонидан таъкидланди.
Хўш, бу бўйича хориж тажрибаси қандай,солиқларни тўлаш бўйича ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйган шахсларга нисбатан ривожланган давлатларда қандай чоралар кўриш белгиланган?
Масалан, АҚШда солиқ тўлашдан бўйин товлаган ҳар қандай шахс жиноят содир этишда жавобгар ҳисобланади. Суд қарорига асосан айбдор деб топилган жисмоний шахсларга 100 минг АҚШ долларигача, юридик шахсларга 500 минг доллардан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш чоралари қўлланилади.
Буюк Британияда эса бундай қонун бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, агарда юридик шахс бўлса барча мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.
Хитой халқ республикасида хуфиёна иқтисодиёт билан шуғулланган корхоналар раҳбарига нисбатан жиноят содир этганлиги 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 5 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима жазоси қўлланилиши белгиланган.
Австралияда эса 20 минг доллардан кам солиқларни яширган ташкилот раҳбарларига нисбатан яширилган сумманинг 10 бараваригача жарима ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланган. Агар яширилган солиқ суммаси 100 минг доллардан ортиқ бўлса ташкилот раҳбарига 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланган.
Шунингдек, депутатлар инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларни қонуний фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишини таъминловчи ва рағбатлантирувчи иқтисодий механизмларни амалга ошириш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида мутахассислар, амалиётчилар ва экспертларни жалб қилган ҳолда мазкур масалаларни кўриб чиқиш таклифи берилди. Бу борада яқин кунларда Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан махсус семинар ташкил қилишга келишиб олинди.
Қўмита йиғилишида кўтарилган масалалар юзасидан Давлат солиқ қўмитасига чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудлардаги солиқ тизимидаги муаммоларни халқ вакиллари билан биргаликда ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини бердилар.
Жамшид Қосимов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter