ШҲТнинг Банклараро бирлашмаси кенгашининг XVII йиғилиши якунларига кўра раислик Ўзбекистон миллий банкига ўтди
2021 йил 16 сентябрь куни Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикасининг «Амонатбонк» давлат жамғарма банки раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Банклараро бирлашмаси (ШҲТ ББ) кенгашининг XVII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Тожикистон Республикаси Бош вазирининг Биринчи ўринбосари Д.Саид, Тожикистон Миллий банкининг раиси Х.Холикзода, ШҲТ нинг бош котиби В. Норов ва ТР «Амонатбонк» ДЖБ Бошқарувининг раиси йиғилганларга табрик сўзи билан мурожаат қилди.
Тадбирда ШҲТ га аъзо давлатлар ривожланиш банкларининг раҳбарлари ҳам иштирок этиб, бунда ШҲТ маконида ва Осиё минтақасида фаолият юритувчи халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ББ га аъзо банклар билан кадрларни тайёрлаш ва тажриба алмашиш соҳасида инвестициявий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Йиғилиш иштирокчилари учрашув доирасида қабул қилинган янги таҳрирдаги ШҲТ ББ ни ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясини (2022-2026 йй.) амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Зеро, ушбу ҳужжат ББ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари бўйича хатти-ҳаракатларни бирлаштириш ва нуқтаи назарларни мувофиқлаштиришнинг муҳим воситаси сифатида кўриб чиқилади.
Қабул қилинган стратегия пандемия оқибатларини енгиб ўтиш, инклюзив иқтисодий ривожланиш учун шарт-шароитларни яратиш, савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек, кейинги 5 йилга ББ га аъзо давлатлар ҳамкорлигини йўналтириш чоралари мажмуасини кўзда тутади.
ШҲТ нинг бош котиби В.И.Норов томонидан етакчи жамоат институти сифатида ББ томонидан ШҲТ доирасида ўзаро банк-молия ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, ШҲТ минтақасида молия, юқори технологиялар, транспорт-коммуникация инфратузилмалари, энергетика ва инвестициялар соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга қўшган салмоқли ҳиссаси таъкидланди.
2021-2023 йилларда коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш бўйича «Йўл харитаси»да, шунингдек 2020 йилда ШҲТ ББ да «ВЭБ.РФ» давлат корпорацияси раислигида қабул қилинган «ШҲТ маконида миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтиришга биргаликда ёндашувлар»да белгиланган ва ББ га аъзо банклар томонидан амалда жорий йилдан бошлаб юритилаётган фаолиятининг самарадорлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Миллий банки Бошқаруви раиси маърузасида йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаш модерлари, ББ нинг инвестициявий-молиявий фаолиятини ривожлантириш, шунингдек пандемия шароитида инновацион банк хизматларини жорий қилиш масалалари таъкидланди. Айни пайтда ШҲТ ББ ни ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясининг муҳим роли қайд этилди. Айни пайтда Стратегиянинг асосий бандларини амалга ошириш бўйича тегишли Йўл харитасини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Йиғилиш якунида ББ га аъзо банкларнинг раҳбарлари томонидан пандемия давом этаётган шароитда ТР «Амонатбонк» ДСБ нинг ШҲТ ББ майдончасидаги раислиги муваффақиятли бўлганлиги таъкидланди.
Тадбир якунларига кўра, ШҲТ ББ да 2021-2022 йиллар давридаги раислик Ўзбекистон томонига – «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки»га ўтди.
Маълумот учун:ШҲТ ББ 2005 йил 26 октябрда ШҲТ доирасидаги банклараро ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ташкил қилинган. ШҲТ томонидан амалга оширилаётган ҳамда ШҲТ га аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган инвестициявий лойиҳаларни молиялаш ва уларга банк хизматларини кўрсатиш бўйича механизм бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter