Сенсация! Буғдойдан бўшаган майдонларга экилган ғўза гуллади
Наврўзни нишонлаймиз-у, деҳқонлар далага уруғ қадашни бошлаб юборадилар. Айниқса, апрель ойи айни чигит экиладиган палла саналади. Ғўза етиштиришнинг неча асрлик агротехникаси шуни талаб қилади. Бироқ энди бу тамойиллару тартиб-қоидаларга ҳам ўзгартириш киритилмоқда. Кўклам меҳнати билан кўркамлигича қолиб, майдонларга буғдой экиляпти, ана ундан бўшаган ерларда эса пахта етиштириш масаласи устида олимларимиз ва фермерларимиз томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда, деб хабар беради Инновация вазирлиги матбуот хизмати.
Ғўзадан эрта, сифатли ва юқори ҳосил олиш пахтачиликнинг энг асосий мақсади. Шу боисдан олимлардан эртапишар, ҳосилдор ва юқори сифатли толага эга ғўза навларини яратиш талаб этилади. Ушбу талаблардан келиб чиқиб, юртимиз олимлари томонидан бир қанча тадқиқотлар олиб борилган ва натижада тезпишар, ҳосилдор ва айниқса тола сифати юқори бўлган кўплаб ғўза навлари яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан сўнги йилларда амалга оширилган тадқиқотлар натижасида «генларнинг фаолиятини сусайтириб қўйиш» ҳамда «геном селекцияси» технологияларини қўллаб тез пишар, ҳосилдор ва тола сифати ўта юқори «Порлоқ» ва «Равнақ» навлар серияси яратилди.
Ғўза ҳосилининг пишиб етилиши учун умумий ҳисобда 100-140 кун талаб этилганлиги боис бир йилда бир марта экиб, ҳосил олинади. Ғўза мамлакатимиз иқлим шароитларидан келиб чиқиб, асосан март ва апрел ойларида экилади ҳамда сентябрь, октябрь ва ҳаттоки ноябрь ойларида ҳам ҳосил йиғиб олинади.
Мамлакатимиз олим ва деҳқонлари томонидан буғдойдан бўшаган ерларда ҳам ғўзани парваришлаш борасида бир қанча тадқиқотлар ва синовлар олиб бормоқдалар. Жорий йилда Навий вилояти Навбаҳор туманидаги ташаббускор фермер хўжаликлари хусусан, «Абдураҳмон Фурқат келажаги» ҳамда «Лазиз файз» томонидан буғдойдан бўшаган майдонларга «Порлоқ-3» ғўза нави экилди. Буғдой йиғиштириб олингандан кейин, яъни июн ойининг охирида экилган ғўза август ойининг бошидаёқ 4-5та гуллар бор.
Ушбу нав хусусиятига кўра гуллашга кирганидан сўнг ўртача 40 кунда пахта ҳосили пишиб етилади. Бу эса, сентябрь ойининг охири ва октябрь ойининг бошига бориб пахта ҳосили етилиб пишиши ва уни йиғиштириб олиш мумкинлигидан далолат беради. Натижада, фермерларимиз буғдойдан бўшаган ерларда ҳам пахта етиштириб, даромад олиш имкониятига эга бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter