Россияга 26 млн дона футболка, тез кўпаядиган «Италия қуёнлари» — Сирдарёга пресс-тур (видео)
Шу йилнинг 4 декабр куни Микрокредитбанк томонидан Сирдарё вилоятига пресс-тур ташкил қилинди.
Даставвал вилоятнинг Оқолтин туманига борилди. Бу йил катта талафотларни бошидан ўтказган ҳудуд қурилишлар майдонига айланган. Туманда жойлашган «Oqoltin Mega Textile Group» МЧЖ трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Микрокредитбанк молиялаштирган ушбу корхона замонавий типда қурилган, ускуна ва жиҳозлар Хитойдан келтирилган. Корхонада ишлаб чиқарилган барча турдаги маҳсулотлар маҳаллий пахта толасидан тайёрланиб, Россия, Қозоғистон ва бошқа МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади.
Корхонанинг умумий лойиҳа қиймати 95 680,0 млн сўмни ташкил қилади. Шундан ўз маблағлари 55 000,0 млн сўм, Мирокредитбанк кредити ҳисобидан 40 680,0 млн сўм жалб қилинган.
Ушбу корхона шу йилинг сентябрь ойида ишга туширилган бўлишига қарамай, бугун ўзининг самарали фаолиятини йўлга қўйиб олган. Ишлаб чиқариш қуввати (йиллик) 28 млрд сўмни ташкил этади, яъни йилига 26 миллион дона кийим-кечак ишлаб чиқарилади. Шундан 19,4 млн долларлик хомашё, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 80 фоизи экспортга, қолган қисми эса ички бозорга йўналтирилади.
Корхона иш юритувчисининг айтишига қараганда, биргина Россия Федерациясидан 26 млн дона футболка учун буюртма тушган.
Корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, яна 800 киши иш билан таъминланади. Ҳозирда маҳаллий хотин-қизлар корхонада касбга ўргатилмоқда.
Шу ўринда маълумот: Микрокредитбанк томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 204,7 млн АҚШ долларига тенг 200 га яқин инвестицион лойиҳалар молиялаштирилди ҳамда 4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Бугунги кунда қуёнчилик иқтисодиётимиз ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўша оладиган истиқболли соҳалардан бири дея эътироф этилмоқда.
Банк томонидан қуёнчилик соҳасида молиялаштирилаётган йирик лойиҳалардан бири Сирдарё вилоятидаги «СИРДАРЁ МОМИҚ ҚУЁНЛАРИ» фермер хўжалиги ҳисобланади. Ушбу хўжалик қуёнлар сонини кўпайтириш, она қуёнлар сонини ошириш, вилоят миқёсида қуёнчилик корхоналарини очиш ҳамда фуқароларга қуёнларни етказиб бериш мақсадида ташкил этилган.
Мазкур фермер хўжалиги иш юрутувчиси Абдурашид Бозорбоев қуёнчиликни қандай бошлагани ҳақида ҳикоя қилиб берди: «Қуёнчиликни 2016 йили бошлаганмиз. Ўша йиллари Микрокредитбанкнинг тарғиботи орқали биз қуён боқишни бошладик. Мана бу қўлимдаги қуён «Италия қуёни». 2016 йилда биз Италиядан 114 бош қуён олиб келган эдик. 4 йилдан бери шу қуёнларни тахминан 15 мингтагача кўпайтирдик. Қуён боқиш қолган уй ҳайвонларини боқишдан кўра осон ва даромадли. Масалан, мана шу қуёнлар бир марта болалаганда 15 тагача кўпаяди. Бир йилда эса 60-70 тагача кўпайиши мумкин».
Абдурашид ака «Италия қуёни»нинг гўшти мазаси жайдари қуёнларга қараганда ширинроқ ва витаминларга бойлигини таъкидлайди.
Банк тақдим этган маълумотларга қараганда, ҳозиргача ушбу фермер хўжалигига 2016 йилда 350 миллион сўм, 2020 йилнинг август ойида эса янги турдаги ускуналарни хориждан олиб келиш учун 470 миллион сўм, қуёнчилик биносини таъмирлаш учун 209 миллион сўм кредит олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter