Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қишлоқ хўжалигидаги экспортчиларга 1,5 триллион сўмлик кредит ажратилади

Қишлоқ хўжалигидаги экспортчиларга 1,5 триллион сўмлик кредит ажратилади

Фото: Xabar.uz

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва уларни экспорт қилувчи тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Қарори (ПҚ-146-сон, 01.04.2024 й.) қабул қилинди.

Унга кўра, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 2024 йилда юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш ҳамда уларни экспорт қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан жами 1,5 триллион сўмгача бўлган миқдорда кредит ресурслари йўналтирилади.

Маҳаллий маҳсулотлар стендларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган нуфузли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда жозибадор локацияларда жойлаштириш учун ариза киритиш ва Савдога кўмаклашиш жамғармасига амалда ажратилган маблағлар ҳисобидан олдиндан 100 фоиз тўлаб бериш тартиби жорий қилинади.

Бунда, кўргазма ва ярмарка тадбирларида иштирок этиш харажатлари учун тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги тоифасига мутаносиб равишда, жумладан «ААА» бўлганда 100 фоиз, «АА» – 95 фоиз, «А» – 90 фоиз, «ВВВ» – 85 фоиз, «ВВ» – 75 фоиз ҳамда «В» – 65 фоиз миқдорида субсидиялар ажратилади.

2024 йил 1 апрелдан:

- мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 10 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмайди;

- 2026 йил 1 январгача маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб, фақат маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга сотиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари тегишли давлатда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ва реализация қилишда савдо агентлари фаолиятини йўлга қўяди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг