Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёдаги «нохуш манзара»га қисман изоҳ берилди

Қашқадарёдаги «нохуш манзара»га қисман изоҳ берилди

Сайтимизда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз ва Китоб туманларидаги банкоматларнинг кўпида нақд пул тугаб қолгани, борларида эса узунқатор навбатлар ҳосил бўлгани ҳақида мақола чиққанди.

Марказий банк Қашқадарё вилояти бош бошқармаси ушбу мақола юзасидан расмий изоҳ берди. Унга кўра, хорижий давлатлардаги меҳнат муҳожирлари томонидан нақд валютада пул жўнатмалари қисқариб, пул маблағларини бевосита хорижий банкларнинг карталаридан тижорат банклари карталарига ўтказиш амалиёти кўпайгани нақд пулларга бўлган талабнинг кескин ошишига олиб келган.

Ушбу ҳолатлар ҳамда байрам ва дам олиш кунларидан келиб чиқиб, Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан аҳолининг нақд пулга бўлган талабини қондириш бўйича тегишли чоралар кўриб бораётгани айтилган.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги 12 та тижорат банкига қарашли Шаҳрисабз шаҳрида 61 та, Шаҳрисабз туманида 14 та, шунингдек, Китоб туманида 30 та банкоматлар куну тун ишлаши йўлга қўйилган.

2022 йил бошидан 30 апрелига қадар Китоб ва Шаҳрисабз тумани ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги банкоматлар орқали аҳолига 333,8 млрд. сўм миқдорида нақд пуллар етказиб берилган.

Шунингдек, жорий йил 30 апрелидан 4 майига қадар Китоб туманидаги банкоматлар орқали 7,4 млрд. сўм, Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз туманидаги банкоматлар орқали 16,1 млрд. сўм нақд пуллар берилган.

Китоб туманидаги банкоматларда 11 млрд. сўм, Шаҳрисабз шаҳри ва туманидаги банкоматларда 25,5 млрд. сўм нақд пуллар қолдиғи ва захираси мавжуд. Шу билан бирга, банкоматларга хизмат кўрсатувчи банкларнинг ходимлари ҳам бириктирилган бўлиб, улар томонидан жойларда банкоматларнинг ишлаши кузатиб борилмоқда.


Xabar.uz таҳриятидан қўшимча саволлар: юқорида санаб ўтилган ҳудудлардаги банкоматларда нақд пул муаммоси йўқ экан, унда нега одамлар сарсон бўлиб юрибди? Нега узун навбатлар юзага келган ва нима учун банкоматлар ишламаяпти? Мақоланинг бу қисмига ҳам изоҳ кутиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг