Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент қиймати 432 миллион долларга тенг ИЭСнинг ишлаш жараёни билан танишди

Президент қиймати 432 миллион долларга тенг ИЭСнинг ишлаш жараёни билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Навоий иссиқлик электр станцияси юқори даражада саноатлашган ва унга туташ минтақадаги истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминловчи асосий манба ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида Навоий иссиқлик электр станциясида бўлиб, иккинчи буғ-газ қурилмаси пойдеворига тамал тоши қўйган эди.

Умумий қиймати 432 миллион АҚШ долларига тенг ушбу иншоотнинг қуввати 450 мегаваттдир. Қурилиш «Mitsubishi Corporation and MHPS» консорциуми ва Туркиянинг «Calik Enerji» компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Президент Навоийга ташриф давомида ИЭС буғ-газ қурилмаси газ турбинасининг ишлаш жараёнини кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Анъанавий электр станцияларининг фойдали иш коэффицентини ошириш йўлларини излаш - бутун дунё технологлари эътиборида бўлган масала. Буғ-газ қурилмалари ушбу муаммонинг замонавий ечимидир. Иссиқлик электр станцияларининг фойдали иш коэффициенти одатда 40 фоизни ташкил этади. Навоий ИЭСнинг биринчи буғ-газ қурилмасида бу кўрсаткич 57 фоиз бўлса, иккинчисида 61 фоизни ташкил этади.

Буғ-газ қурилмаси тўлиқ тайёр ҳолда жорий йил сентябрь ойида ишга туширилади.

Давлатимиз раҳбари эътиборига лойиҳа амалга оширилиши туфайли эришиладиган натижалар ва буғ-газ турбинасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳақидаги тақдимотлар ҳавола қилинди.

Буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши натижасида йилига 3 миллиард 454 миллион киловатт-соат электр энергия ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа самарасида 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғи сарфи камайиши ҳисобидан йилига ўртача 829 миллион куб метр табиий газ тежалади.

Мамлакатимиз энергетика тизимида 2025 йилгача яна бир қатор замонавий буғ-газ қурилмаларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу, ўз навбатида, минг нафардан ортиқ хизмат кўрсатувчи юқори малакали мутахассис тайёрлаш заруратини келтириб чиқаради.

Президентимиз ушбу эҳтиёжни таъминлаш мақсадида Навоий ИЭС базасида буғ-газ қурилмалари учун ходимлар тайёрлайдиган ўқув маркази ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Корхонада Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICA молиявий кўмагида ўқув маркази ташкил этилди. Ҳозирги кунгача бу ерда 166 мутахассис тайёргарликдан ўтди.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Энергетика тизимида амалга оширилаётган бундай йирик инвестиция лойиҳалари мавжуд энергетика қувватларини ошириш, энг муҳими, истеъмолчиларни узлуксиз энергия манбаи билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилашга замин яратади.

Замонавий технологияларнинг ўрнатилиши эса ёқилғи сарф-харажати ва атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарни камайтириш имконини беради.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг