Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзметкомбинат»да ўртача ойлик 3 миллион сўмдан ошди

«Ўзметкомбинат»да ўртача ойлик 3 миллион сўмдан ошди

Фото: «Ўзметкомбинат» АЖ

«Ўзметкомбинат» АЖ 2019 йилнинг август ойида ходимларнинг иш ҳақини оширганди, уларнинг сони эса 10 минг нафардан ортиқ, деб хабар берди корхона матбуот хизмати.

Бугунги кунда «Ўзбекистон металлургия комбинати» нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёдаги йирик саноат объектларидан бири саналади. Корхона томонидан ишчи ходимлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз ижтимоий мажбурият дастури амалга оширилмоқда. Қолаверса, Бекободда уй-жой ва тегишли инфратузилмалар қурилмоқда.

«Корхона ўз ходимларининг маошини мунтазам ошириб келмоқда. 2018 йилнинг ноябрь ойида маошлар ўртча 17 фоизга индексация қилинди. 2019 йилнинг августида ўртача иш ҳақи ўтган йилнинг шу даври (2018 йилнинг август ойи)га нисбатан 30 фоизга оширилди. Охирги оширишдан сўнг корхонадаги ўртача иш ҳақи 3 миллион сўмдан ошди ва бу ҳали охири эмас. Комбинат томонидан ўз ривожланиш дастури фаол амалга оширилмоқда, қувватлар модернизация қилинмоқда ва маҳсулот ишлаб чиқариш тобора ошмоқда. Бунинг натижасида иш самарадорлиги ошиб, харажатлар қисқармоқда. Қўлга қиритилган даромад ва тежалган маблағлар ойлик маошларини ошириш ва ижтимоий мажбуриятларни бажаришга сарфланади», – дея маълум қилди комбинат раҳбарияти вакили.

2018-2019 йилларда 235 нафар металлургга Бекободнинг кўп қаватли уйларидан хонадон сотиб олишга кредитлар ажратилган. Бу мақсадга 8 миллиарддан ортиқ маблағ сарфланган.

Металлурглар саломатлигига ҳам алоҳида эътибор бериб келинмоқда. 2019 йилда қарийб 1938 нафар киши санаторий ва профилакторийларга имтиёзли йўлланмани қўлга киритиш ва ўз соғлиқларини тиклаш имкониятидан фойдаланишган.

Ўсиб келаётган ёш авлод ҳам корхона эътиборидан четда қолмаган. 2019 йилда 1440 нафар болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш режалаштирилган бўлиб, амалга 1507 нафар бола қамраб олинган. Улар орасида 242 нафар ўғил ва қизлар Тошкент вилоятидаги «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандлари эканлиги алоҳида эътирофга лойиқ.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда «Ўзметкомбинат »мамлакатимиздаги ягона қора металлургия корхонаси ҳисобланади. 2019 йилнинг март ойида корхона қурилганига 75 йил тўлди.

2017 йилнинг июль ойида устав капиталида давлат улуши бўлган ишончли бошқарувчи сифатида хорижнинг SFI Management Group компанияси жалб қилинган эди. Натижада 2018 йилда Бекободликлар пўлат ва мис ишлаб чиқаришда юқори натижаларни кўрсатишди. 911 минг тонна электропўлат ишлаб чиқарилган бўлиб, 2017 йилга нисбатан ишлаб чиқариш суръати 137.9 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, комбинатда 1.06 миллион тоннадан ортиқ прокат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич ҳам ўтган йилга қараганда 45 фоизга кўпроқдир.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг