Ўзбекистонга сайёҳлар оқими кўпайди
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2017-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижаларини таҳлил қилди.
Қайд этилишича, 2023 йилда Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар сони 6,6 миллион нафарга етди. Шуни таъкидлаш лозимки, охирги олти йилда туристлар оқими қарийб 2,5 баробар кўпайди, яъни 2017 йилда хорижлик сайёҳлар сони 2,6 миллион нафарни ташкил қилганди.
Маълумот учун: Дунёдаги 91 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун визасиз тартибдан фойдаланиши мумкин. Таққослайдиган бўлсак, Қозоғистонга 26 та, Туркияга 41 та, Грузияга эса 56 та мамлакат фуқаролари визасиз кела олади.
Туризм экспортининг ривожланиши мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиш манбаларидан бири ҳисобланади. 2023 йилда туризм хизматлари экспорти 2 миллиард 143 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 531 миллион долларни ташкил қилганди. 2023 йилда сайёҳлар сонининг сезиларли даражада ошиши ҳисобига туризм хизматлари экспорти 2017 йилдагига нисбатан қарийб 4,5 баробарга ортган.
Маълумот учун: Американинг Travel Lemming онлайн саёҳат қўлланмаси 2023 йилда Ўзбекистонни дунёнинг 50 та энг яхши сайёҳлик йўналиши рўйхатига киритди ва мамлакатимиз 9-ўринни эгаллади. Ушбу қўлланма ҳар йили дунё бўйлаб янги йўналишлар ва яширин дурдоналарни ёритади ва уни 6 миллиондан кўпроқ саёҳатчи ўқийди. Қайд этилаётган натижалар соҳанинг салоҳияти ата эканлигидан далолат беради. Шу боис соҳада инфратузилма обектларини янада кўпайтириш ва ички туризм имкониятларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.
2023 йилда Ўзбекистонда сайёҳларни жойлаштириш воситлари сони 5526 тага етди. Охирги олти йилда сайёҳларни жойлаштириш воситлари сони 7,2 баробар кўпайди, яъни 2017 йилда уларнинг сони 767 та эди холос.
2017-2023 йиллар оралиғида мамлакатимизда сайёҳларга хизмат кўрсатувчи субъект ва объектлар сони 7 баравар кўпайди ва уларнинг сони 749 тадан 5276 тага етди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter