Ўзбекистонда патент божлари ва тўловларини пасайтириш режалаштирилмоқда
ҚҲТБТ порталида интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир «Йўл харитаси» муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда «Норма» хабар бермоқда.
Қонунчиликни такомиллаштириш
Лойиҳада қуйидагиларнинг қонуний жиҳатдан мустаҳкамланиши назарда тутилмоқда:
- кундалик турмушда интернет аҳамияти тобора ошиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда товар белгилари «машҳурлиги»нинг аниқ мезонлари;
- интеллектуал мулк объектлари (товар белгиси, саноат намунаси ва бошқалар) инсофсиз равишда рўйхатдан ўтказилиши тушунчаларининг мустаҳкамланиши;
- товар белгисидан мақсадли фойдаланишни назарда тутган ҳолда у қўлланадиган аниқ ҳолатларнинг белгиланиши.
Интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва жиноий жавобгарликни жорий этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Патент ишончли вакиллари институтини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бунда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш тизими, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби такомиллаштирилади.
2019 йил 1 январдан патент божлари ва тўловларининг амалдаги ставкалари, шунингдек товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товарлар келиб чиққан жойлар номи ва саноат намунасини ҳуқуқий муҳофаза қилганлик учун норезидентлардан ундириладиган индивидуал божлар камида икки баравар пасайтирилиши режалаштирилмоқда.
Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун буюртманомаларни фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон тарзда тақдим этиш тартиби жорий этилиши назарда тутилган.
Институционал асосларнинг такомиллаштирилиши
Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини такомиллаштириш режалаштирилган.
Тошкент давлат юридик университетида интеллектуал мулк кафедрасини очиш режалаштирилмоқда.
Олий суд ҳузурида Патент суди фаолиятини ташкил этиш масаласи ўрганиб чиқилади.
Туманлар (шаҳарлар) Давлат хизматлари марказлари орқали «ягона дарча» тамойили бўйича интеллектуал мулк соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиби босқичма-босқич жорий этилиши кўзланган.
Халқаро нормаларни миллий қонунчиликка янада имплементация қилиш
«Йўл харитаси» лойиҳасида республикамизнинг қуйидагиларга аъзо бўлишини ишлаб чиқиш назарда тутилган:
- Фонограммалар ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний қайта ёзишдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Женева конвенцияси;
- Фонограммалар ижрочилари, ишлаб чиқарувчилари ва эшиттириш ташкилотларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Рим конвенцияси;
- Фонограммалар ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний қайта ёзишдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция;
- Муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартнома;
- Ижролар ва фонограммалар бўйича шартнома;
- Товар белгилари бўйича қонунлар тўғрисидаги Сингапур шартномаси.
Мулк ҳуқуқлари ҳимояланиши халқаро индекси мезонларини ҳам ҳисобга олган ҳолда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг ишончли ҳимояси таъминланганлигини баҳолаш ва таҳлил қилиш замонавий тизимини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
Интеллектуал мулк ютуқларининг амалда рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш
Қуйидагиларни таъминловчи интеллектуал мулк объектларининг ягона мунтазам янгиланадиган интеграцияланган маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш режалаштирилмоқда:
- ҳуқуқий муҳофаза қилинадиган ва ундан маҳрум қилинган интеллектуал мулк объектларини реал вақт режимида кузатиш;
- интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий муҳофазасини олганда ва уни бой берганда тегишинча Интеллектуал мулк объектлари божхона реестрига автоматик равишда киритиш ва ундан чиқариб ташлаш;
- интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва олдини олишда манфаатдор давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги.
Ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир асосли таклифларни ишлаб чиққан ҳолда интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштиришнинг жорий ҳолатини танқидий таҳлил қилиш, шу жумладан патент эгалари билан лицензия шартномаларини тузишга тўсқинлик қилувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш лозим.
Ҳужжат лойиҳаси ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter