Ўзбекистонда илк шамол энергетикаси лойиҳаси. Энди юртимиздаги қанча хонадон узлуксиз электр билан таъминланади?
17 декабрь куни Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси билан Қорақалпоғистон Республикасида қуриладиган 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси (ШЭС) лойиҳаси бўйича битимлар имзоланди. Ўзбекистон энергетика вазирлигига кўра, қиймати 108 миллион долларга тенг лойиҳа доирасида Қораўзакда шамол электр станцияси барпо этилади.
Қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш учун махсус ташкил этилган «ACWA Power Wind Karatau FE LLC» МЧЖ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ билан 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш шартномасини имзолади. Шунингдек, йирик лойиҳани амалга оширувчи хориж ширкати ва Ўзбекистон молия вазирлиги Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимни (GSA) маъқуллади.
Мамлакатимиздаги биринчи шамол энергетикаси лойиҳасига хорижнинг етмишга яқин компанияси қизиқиш билдирган ва пировардида Франция, Япония, Жанубий Корея, Чехия, Россия Сингапур, Саудия Арабистони каби ўндан зиёд мамлакати ширкати кейинги босқичга ўтган. Тендер якунида эса бир кВт.соат электр энергияси учун 2,5695 цент тарифини таклиф қилган «ACWA Power» компанияси ғолиб чиққан.
Сармоявий мажбуриятга кўра, шамол электр станцияси 2023 йил ўрталарида фойдаланишга топширилиши лозим. Станциянинг ишга туширилиши 400 млн кВт/соат миқдорда экологик тоза электр ишлаб чиқариш имконини беради.
Қорақалпоғистон Республикасидаги ШЭС лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат энергетика балансини диверсификация қилиш ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланган ҳолда қувватини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Лойиҳа орқали мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия улушини 25 фоизга етказиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа 110 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаши, атмосферага чиқариладиган зарарли газлар миқдорини йилига 157 минг тоннага камайтириши кутилмоқда. «ACWA Power» компанияси эса пировардида 4 млн хўжаликнинг электрга бўлган эҳтиёжи қопланишини маълум қилган.
Қораўзакдаги ШЭС Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони ўртасида энергетика соҳасидаги улкан лойиҳаларнинг бир қисми саналади. 2020 йил март ойида мамлакатимиз энергетика вазирлиги ҳамда «ACWA Power» компанияси ўртасида 2 миллиард долларли уч битим имзоланган. Ушбу битимлар доирасида Саудия ширкати Сирдарё вилоятида иккита буғ-газ қурилмасига эга иссиқлик электр станцияси ҳам барпо этади. Ушбу станция йилига 10 миллиард кВт/cоат энергия ишлаб чиқариши кутилмоқда. Араб компанияси, шунингдек, энергетика ва кимё сектори мутахассисларини тайёрлашга кўмак беради.
Таъкидлаш жоизки, энергетика соҳасидаги лойиҳалар икки мамлакат раҳбарияти эътиборидаги масалалар сирасига киради. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 25 январь куни Саудия Арабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни қабул қилганида ҳам ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари муҳокама этилар экан, «ACWA Power» иштирокида қурилаётган замонавий электр станциялари ҳам тилга олинган.
Жорий йил май ойида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов ва Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон иштирокидаги музокараларда ҳам мамлакатимиздаги янги станция Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, асосан электр станцияларини қуриш, лойиҳалаш ва молиялаштиришга ихтисослашган «ACWA Power» компанияси Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида лойиҳалар амалга оширади.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов эришаётган ютуқлари ва халқаро обрў-эътибори сабаб ҳамкорлик учун «ACWA Power» корпорацияси танланганини маълум қилган. Ўз навбатида компания бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян Ўзбекистонда фаолият юритиш шараф эканини таъкидлаган.
Ўзбекистоннинг табиати ва иқлим шароити қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш имконини беради. Қолаверса, шиддат билан ошиб бораётган энергия эҳтиёжи ҳам яшил энергетика тизимини ривожлантиришни талаб этмоқда. Шамол электр станциясини барпо этиш бўйича лойиҳа бу борадаги хайрли қадамларга дебоча бўлади деган умиддамиз.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter