Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон – Хитой: Олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўрилади

Ўзбекистон – Хитой: Олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўрилади

Фото: akipress.com

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва ХХР етакчилари икки томонлама ҳамкорликка доир ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни кўриб чиқдилар.

Давлат раҳбарлари коронавирус инфекциясига қарши давом этаётган курашнинг энг мураккаб даврида кўрсатилган ўзаро кўмак ва гуманитар ёрдамни катта мамнуният ва миннатдорлик билан қайд этдилар.

Апрель ойининг иккинчи ярмида ушбу хавфли вирус билан касалланганларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш соҳасида Хитойнинг улкан амалий тажрибага эга етакчи врачлари гуруҳи мамлакатимизда бўлди.

Президентимиз хитойлик мутахассислар юксак профессионал маҳорат намойиш этганликлари, уларнинг мамлакатимиз ҳудудларидаги машаққатли меҳнати пандемияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради, деб таъкидладилар давлат раҳбарлари.

Икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва санитария-эпидемиология назорати соҳасидаги идоралари ўртасида фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек, кўп қиррали, шу жумладан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.

ХХРнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш асосида камбағалликни қисқартириш масалаларида самарали мулоқот бошлангани алоҳида таъкидланди.

Суҳбат натижаларига кўра икки томонлама олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш ишлари давом эттирилади.

Икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ҳудудлар маъмуриятлари, банк-молия институтлари ва етакчи компаниялари пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги имкониятларни излаш мақсадида ҳамкорликдаги ишларини фаоллаштиради. Булар, аввало, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва унинг мутаносиблигига эришиш, ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, юк ташиш ҳажмининг ўсиши учун қулай шароитлар яратиш, гуманитар дастурларни илгари суришдир.

Давлат раҳбарлари минтақавий аҳамиятга молик қатор долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириб боришга қатъий интилиш тасдиқланди.

Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Хитой етакчилари дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик руҳидаги кенг кўламли ҳамкорликни бундан буён ҳам кенгайтиришга тайёр эканликларини яна бир бор таъкидладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг