Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг битимлар имзоланди
Президент Шавкат Мирзиёев Туркиянинг етакчи банк ва компаниялари раҳбарлари билан учрашди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари раҳбарларининг қўшма бизнес-форумида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан туркиялик ишбилармонлар сармояларини рағбатлантириш ва тўлиқ ҳимоя қилиш мақсадида зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди. Шунингдек, бугунги форум 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалга оширган ташриф доирасида Истанбул шаҳрида ўтказилган бизнес-форумнинг мантиқий давоми эканлиги, ўтган қисқа вақт ичида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга эришилгани таъкидланди.
Президентимиз туркиялик банк ва компаниялар раҳбарларига Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди.
Мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун кенг имкониятлар очилмоқда. Бизнес ривожига ғов бўлиб турган турли тўсиқлар олиб ташланди. Ишбилармонлик муҳитини яхшилашни қатъий давом эттирган ҳолда, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати кескин камайтирилди.
Тадбиркорлик субъектларини лицензиялаш жараёнларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга доир қарорлар қабул қилинди. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятида 42 турдаги лицензия ва рухсатномалар бериш жараёнлари бекор қилинди. 38 турдаги фаолият учун лицензиялар 17 тагача оптималлаштирилди, 25 турдаги тадбиркорлик фаолияти учун рухсат бериш жараёнлари соддалаштирилди.
Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Солиқ концепцияси бизнес ва инвесторлар учун жуда катта енгиллик беради.
Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиб, уларда инвесторлар барча турдаги солиқ тўловлари ва импорт божларидан озод этилгани таъкидланди. Ҳозирги кунда 300 дан зиёд инвестор эркин иқтисодий ҳудудларда яратилган қулай шароитлардан фойдаланган ҳолда фаолият олиб бормоқда.
Туркия ишбилармонлари учун ҳам алоҳида қулайликлар яратилгани, кириш визалари бекор қилингани, тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани ўзаро алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигида 500 га яқин қўшма корхона фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 59 таси шу йилнинг биринчи чорагида ташкил этилган.
Туркия Президенти ва ишбилармонлари Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили бундай қулайлик ва енгилликлар ишбилармонларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқишини оширганини таъкидлади.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркиянинг молия ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида енгил саноат, металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноат тармоғи, тиббиёт, туризм, чарм-пойабзал, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасида 50 дан ортиқ янги инвестициявий лойиҳалар бўйича умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг битимлар имзоланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter