«Ўзбекистон почтаси» ва ўзбеклар почтаси ҳақида
23 май куни «Ўзбекистон почтаси» миллий почта операторига россиялик мутахассис Евгений Биргер бош директор этиб тайинланди. Биргер бош директор бўлишидан бир кун аввал Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг #MITCROADMAP2018 конференциясида компания ҳар йили 1,5 млн хат ва 102 мингта посилкани ташиши, аҳоли жон бошига йилига 0,5 тадан жўнатма тўғри келишини айтган эди. Бу кўрсаткич АҚШда 443 та, Буюк Британияда 270 та, Эстонияда 27 та, Беларусда 20 тага тўғри келишини маълум қилди.
Бир қараганда вазият анча аянчли. Бу ҳар бир ўзбекистонлик бир йилда атиги яримтадан почта жўнатади дегани. Аслида ҳам шундайми? Нима учун биз «Ўзбекистон почтаси» хизматларидан деярли фойдаланмаймиз? Масалан мен Дўстликка почта жўнатмоқчи ёки уйдан почта қабул қилиб олмоқчи бўлсам, Олмазор метро бекати яқинидаги Дўстлик таксилари «питак»ига бораман.
У ерда «Дўстлик!», «Дўстлик!» деб бақираётган таксичилар олдига бориб «Қайси бирингиз биринчи кетасиз?» деб сўрайман. Биринчи кетадиган таксичи билан келишиб, унинг телефонидан уйдагиларга қўнғироқ қиламан ва мана шу рақамдаги таксичидан почта бервораяпман дейман. Ёки, аксинча, менга қандайдир рақамдан телефон бўлади ва «сизга почта берворишди, фалон вақтда Собир Раҳимовда («Олмазор» бекати халқ тилида ҳалиям Собир Раҳимов) бўламан» дейди. Ўша вақтни мўлжаллаб «Олмазор» бекатига бораман.
Худди шу каби водийликлар Қўйлиқдаги водий питагига, воҳаликлар (Қашқадарё ва Сурхондарё) «Ипподром» бозорига бориб, почта олди-бердисини қилишади. Почта жўнатиш нархига келсак, бизнинг Дўстлик туманига инсофли таксичилар 5 минг, ноинсофроғи 10 минг сўм олади. Баъзи вилоятларга почта жўнатиш битта одам пули туради. Масалан, бир одамни 40 минг сўмга олиб кетса, бир парча қоғозни ҳам шу пулга олиб кетишади.
Хўш, нима учун уйимиз тагидаги, бир қадам наридаги «Ўзбекистон почтаси» бўлимига кирмасдан, шаҳарнинг бир четидаги питакка бориб, етти ёт бегона (ҳар доим ҳам таниш таксичилар бўлавермайди) одамга пул, ҳужжат ёки нарса-буюмларимизни бериб юборамиз? Бу борада менинг қарашим шундай: почта кеч олиб боради, таксичи шу бугуннинг ўзида айтилган жойга етказади. Агар почта ҳам бугуннинг ўзида уйгача жўнатмаларни етказиб берганда ёки ростан ҳам шундай бўлса, бу ҳақда мени ва бошқаларни хабардор қилиб, ишончни оқлаганида эди, иккиланмасдан «Ўзбекистон почтаси»га топширардим. Ҳар ҳолда жўнатмангиз уйдан-уйгача ишончли қўлларда етиб боргани яхши-да.
Агар «Ўзбекистон почтаси» янги раҳбар қўл остида турли муаммолардан халос бўлиб, ўзбек почтачилари – таксичилар каби тез ва манзилгача ишлашни ўрганса ва уларга нисбатан арзонроққа ишласа, халқ ишончини бир қозониб олганидан кейин ошиғи олчи бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter