Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон далаларида қўлланаётган пестицидларнинг фақат 10 фоизи оригинал. Муаммо яна нимада?

Ўзбекистон далаларида қўлланаётган пестицидларнинг фақат 10 фоизи оригинал. Муаммо яна нимада?

Бугун президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида бир қатор муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари айниқса Европага GSP+ тизими доирасида йўналтирилаётган маҳсулотлар ҳар доим ҳам талабга жавоб бермаётгани ва оқибатда ортга қайтарилаётганини кескин танқид қилди.

— Энг муҳими, тадбиркор бу муаммолардан маҳсулотини Европага олиб боргандан кейин хабар топяпти, — деди Шавкат Мирзиёев.

Xabar.uz мухбири тизимда яна қандай муаммолар борлиги ҳақида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев билан суҳбатлашди.



— Давлатимиз раҳбари бежизга ушбу соҳани танқид остига олмади, дарҳақиқат стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасида муаммолар етарли ва бу экспортга таъсир ўтказмоқда. Агентлигимиз мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун тадбиркорлар билан иш олиб боради. Шахсан ўзим ва барча инспекторларимиз тадбиркорлар, кластер ва фермерлар хизматида бўламиз, — деди Иброҳим Эргашев.

Агентлик директорининг таъкидлашича, тизимда муаммо мева-сабзавотларни экилишидан тортиб, то йиғиб-териб олгунга қадар бўладиган деярли барча жараёнларда мавжуд. Агротехника қоидалари ва маҳсулотни экспортга тайёрлаш учун калибровка, маркировка каби жараёнларни ҳам тўғри ташкил этиш лозим.

Айниқса пестицидлардан фойдаланиш масаласида тушунмовчиликлар кўп учраб турибди.

— Энг катта муаммолардан бири шундаки — Ўзбекистонда қўлланилаётган пестицидларнинг 90 фоизи аналогдир. Фақат 10 фоиз пестицидлар оригинал ҳисобланади.

Натижада, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида зарарли токсинлар меъёрдагидан анча кўп қолиб кетади. Бу эса Европага экспорт қилишда лозим бўлган GSP+ талаблари бузилишига олиб келади.

Таққослаш учун, Европага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кенг экспорт қиладиган Туркияда қўлланилаётган пестицидларнинг 95 фоизини оригинал маҳсулот ташкил этади, фақат 5 фоизи аналогдан иборат. Аммо у ҳам Хитойдаги бренд компанияларга тегишли, — деди Иброҳим Эргашев.

Мутахассиснинг таъкидлашича, муаммони ҳал қилиш учун пестицидларни олиб кириш ва қўлланилиши бўйича назоратни кучайтириш, соҳани рақамлаштириш лозим бўлади. Бунинг учун Туркия тажрибаси ўрганилади ва амалиётга қўлланилади.

— Вазият шу қадар оғирки, ҳатто маҳсулот узилишидан икки-уч кун олдин ҳам далага пестицидлар сепилмоқда. Нима учун? Чунки деҳқон ва фермерлар маҳсулот қадоқлангандан сўнг унга зараркунандалар тушишининг олдини олишни исташади. Бизнинг бозорларимизда бундай маҳсулот сотилиши мумкин, аммо Европада қабул қилинмайди.

Аслида маҳсулот турига қараб уни йиғиб олгунга қадар бўлган 20-30 кунда пестицид қўллашни тўхтатиш лозим. Биз бу масалада фермер ва деҳқонларимиз билан кўп тушунтириш ишларини олиб боришимиз ва назоратни янада кучайтиришимиз керак, — деди агентлик директори.

Таъкидланишича, соҳани рақамлаштириш ва назоратни кучайтириш орқали тез орада вазиятни ўнглаш мумкин.

— Биз зараркунандаларга қарши курашда аввало биологик воситалардан фойдаланамиз — олтинкўз, трихограмма ва бракон энтомофаглари кенг қўллаймиз. Дала майдонларининг ҳар бир гектарига биттадан феромон тутқичлар ўрнатилади ва унга тушадиган ҳашаротлар турига қараб фермер ва деҳқонларга пестицидларнинг қайси туридан ва қандай миқдорда солиш мумкинлигига оид тавсияларни бериб борамиз, — деди Иброҳим Эргашев.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директорининг маълум қилишича, жорий йилда Жаҳон банки молияси ҳисобига Ўзбекистонда агрокимёвий лаборатория қайта жиҳозланади. Оқибатда экспортга йўналтирилаётган маҳсулотлар сифатини назорат қилишда қулайликлар пайдо бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг