Ўзбекистон АҚШнинг «New York Travel and Adventure Show 2025» туризм кўргазмасида «Энг яхши янги иштирокчи» деб эътироф этилди

Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниязов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси илк бор АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган «New York Travel and Adventure Show 2025» туризм кўргазмасида қатнашмоқда.
Ушбу нуфузли тадбирда АҚШнинг барча штатлари делегациялари билан бир қаторда Хитой, Япония, Корея Республикаси, Малайзия, Покистон, Малдив ороллари, Марокаш, Италия, Буюк Британия, Сербия, Канада, Грузия, Ямайка, Хорватия, Никарагуа, Белиз, Коста Рика каби 40 дан ортиқ давлатлар туризм администрациялари ва туристик компаниялари вакиллари ўз маҳсулотларини тақдим этмоқдалар.
Ўзбекистон делегацияси МДҲга аъзо давлатлардан ягона иштирокчи сифатида мамлакатимизга сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган қатор тадбирларни ташкил қилмоқда. Жумладан, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси ва қатор маҳаллий туристик операторлар иштирокида яратилган миллий павилонда Ўзбекистон туризм салоҳияти бўйича кенг кўламли тақдимотлар ҳамда хорижий давлатлар туризм соҳаси вакиллари билан иккитомонлама музокаралар ўтказилмоқда ва тегишли келишувларга эришилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз «Кўргазманинг энг яхши янги иштирокчиси» деб эътироф этилди.
Шунингдек, кўргазма доирасида миллий куйлар ва рақслар орқали ўзбек халқининг бой ва турфахил маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи маданий дастур ҳамда турли тарқатма материаллари иштирокчиларга тақдим этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter