Олтинга тенг уруғнинг четдан олиб келинишига қачон барҳам берилади?
Юртимизда етиштирилган уруғлардан олинган сабзавот ва полиз экинларининг мазаси ҳам, сифати ҳам юқорилиги исботланган факт. Заминимизда етиштирилган уруғларнинг униб чиқиш энергияси юқорилиги билан ажралиб туриши илмий асосланган аксиомадир. Шундай экан, бугунги кунда нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, балки уруғларни экспорт қилиш ҳажмини кескин ошириш энг долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди.
Кейинги йигирма йиллар ичида мамлакатимиз буткул импорт уруғларига тобе бўлиб қолгани сир эмас. Авваллари ўзимизда йиллар давомида етиштирилиб келинган ширадор, серсув, мазали сабзавот ва полиз экинларимизни бугунги кунда бозорларда учратиш амримаҳол бўлиб қолмоқда.
Пештахталарда аксарияти хорижий мамлакатлардан олиб келинган уруғлардан етиштирилган сабзавотлар бўлиб, уларнинг сифати, мазаси бир масала бўлса, республикамизнинг уруғ импортига тобе бўлиб қолгани яна бир катта муаммо.
Ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти бўла туриб, том маънода олтинга тенг уруғларни хориждан олиб келиниши, наинки бемаза уруғнинг кўпайишига (яна том маънода!), балки истеъмолчиларга етказиб бериладиган маҳсулотларнинг қимматлашишига сабаб бўлмоқда. Бир томондан юртимиздан валюта четга оқиб кетаётган бўлса, иккинчи томондан пешона тери билан топган пулимизни қиммат, аммо сифатсиз сабзавотларга сарфлашга мажбурмиз.
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бу камчиликларга барҳам бериш юзасидан вазирлик қошидаги Уруғчиликни ривожлантириш марказида қишлоқ хўжалигининг муҳим соҳаси бўлган сабзавот ва полиз экинлари уруғчилигини ривожлантиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Инновацион ривожланиш вазирлигининг мутасадди раҳбарлари ва мутахассислари, «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» ДУК ва унинг ҳудудий бошқармалари бўлим бошлиқлари, мутахассислари, соҳа олимлари, селекционер ва уруғчилар, республикада сабзавот уруғчилиги ва савдоси билан шуғулланувчи корхоналар, фирмалар раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мўмин Толибов йиғилиш иштирокчиларини бугунги кунда вазирлик ва марказнин гсоҳани ривожлантиришга қаратилган ишлари билан таништирди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларининг сифатли уруғларини етиштириш, жамғариш, сақлаш, қайта ишлаш, дорилаш, қадоқлаш, фермер хўжаликларига етказиб бериш ва экспорт қилиш жараёнларини ўз ичига олган уруғчилик кластерларини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги ва биринчи босқичда Фарғона, Наманган, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларида уруғчилик кластерларини ташкил этиш белгиланганлиги ҳақида маълумот берилди.
Йиғилишда сабзавот ва полиз экинлари уруғчилигининг бугунги кундаги ҳолати, мавжуд муаммолари, жумладан, уруғларнинг сифати пастлиги, уруғ етиштирувчи илмий тадқиқот институтлар ва уруғчилик фермер хўжаликларнинг моддий-техника базаси маънан эскирганлиги, малакали мутахассислар етишмаслиги, мамлакатда етиштирилаётган уруғларнинг экин турлари, навлари ва миқдори бўйича маълумотларнинг ягона базаси йўқлиги ҳақида фикр ва мулоҳазалар қилинди.
Иштирокчилар томонидан республикада сабзавот ва полиз экинлари уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қадоқлаш, сотиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш, уруғларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича норматив талабларни халқаро стандартлар бўйича ишлаб чиқиш, уруғчилик соҳасида илмий-тадқиқот институтларини моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, уруғчилик бўйича халқаро органлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш каби таклифлар муҳокама этилди.
Йиғилиш якунида республикада қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги билан шуғулланувчиларнинг ишини мувофиқлаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида «Ўзбекуруғлари» ассоциациясини ташкил этиш таклифи киритилди ва бу борада келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter