«Олмалиқ КМК» рақамли бошқарувга ўтмоқда. Сабаб?
Бугун Миллий матбуот марказида «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамияти томонидан «Рақамли ОКМК» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда «Олмалиқ КМК» АЖ бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Умида Қаршибоева, Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси бошлиғи Равшан Максумов, Бошқарув раисининг транспорт ва логистика бўйича ўринбосари Рустамбек Санақуловлар сўзга чиқиб, қилинган ишлар, бугунги кўрсаткичлар, келгусидаги режалар ҳақида гапиришди.
Қайд этилишича, «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамияти юртимизда рангли металлургия саноатининг байроқдори ҳисобланади. Ишлаб чиқаришнинг улкан ҳажми туфайли эндиликда корхона хом-ашёлар, технология, ходим (кадр)ларга бўлган янгича талаб ҳамда иш самарадорлигини ошириш мақсадида иқтисодиётни рақамли бошқариш ва барча бизнес-жараёнларни ахборотлаштириш орқали назорат қилишга босқичма-босқич ўтмоқда.
Жумладан, биргина АКТ ходимларининг штат бўйича сони 305 нафарни ташкил қилиши, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси тасарруфидаги хизматлар ихтиёрида 2700 дан зиёд компютер, 1300 дан ортиқ ташкилий техникалар, 1100 нафар корпоратив почта фойдаланувчилари, 62та сервер, 37та ахборот тизимлари, русурслар ва IT сервислар, магистрал алоқа линиялари, ички идоравий АТС ва бошқа тизимлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Шунингдек, «Олмалиқ КМК» АЖ масъуллари мазкур тадбирлар қоғозбозликдан рақамли тизимга ўтишнинг устунлик жиҳатлари ҳақида гапириб, бу орқали барча бизнес-жараёнларни электрон кўринишда қайд этиш, уларнинг ўзгартирилмаслиги, маълумотларнинг юқори ишончлиликда сақланиши ва чуқур таҳлил этилишига хизмат қилишини таъкидлашди.
Бундан ташқари, ишлаб чиқаришнинг рақамли трансформацияси рақобатбардошликни ошириши ва узоқ муддатли истиқболни белгилашига ишонч билдирилди.
Тадбир якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз…
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter