Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мухтор Умаров: «Узоқ йиллик ёпиқ иқтисодиёт корхоналарни монополияларга айлантирди...»

Мухтор Умаров: «Узоқ йиллик ёпиқ иқтисодиёт корхоналарни монополияларга айлантирди...»

Бугун янги ташкил этилган Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси фаолияти бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Ассамблея раиси Мухтор Умаровга кўра ташкилот «Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш, чет давлатлардаги йирик корпорация ва савдо тармоқлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида» тузилган.

Мухтор Умаров тадбирда монополиялар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

«Узоқ йиллар давомида биз ёпиқ иқтисодиёт олиб бордик. Кўпроқ ички бозорга эътибор қаратдик. Натижада эса маълум бир корхона ва компаниялар монополга айланиб олди. Бозор қоидаларига амал қилинса, монополияга қарши курашишга ҳожат қолмайди. Ҳаммага бир хил имконият бериб, ҳалол рақобатга имконият очсак, шунинг ўзи ҳам катта қадам бўлади».

Мазкур Ассамблея ўзида 12 та маҳаллий илғор ассоциация ва миллий марказларни бирлаштиради. Устувор вазифалари давлатимиз иқтисодиётидаги ўзгаришлар, қонунчилик ва давлат дастурларида нодавлат бизнес сектори вакилларининг иштирокини таьминлаш, уларнинг маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар фаолиятидаги масалаларини юқори давлат ташкилотларига етказишда кўмаклашишдан иборат ҳисобланади. Ассамбелиянинг муҳим вазифалари сифатида тадбиркорларнинг халқаро шартномалар тузишида амалий ва назарий кўмак бериш, хорижда савдо муҳитини яратиб бериш, тўғри йўналтириш кабилар кўрилади.

Ассамблея қошида ҳозирда халқаро арбитраж суди, медиамарказ, тадбиркорликка тайёрлаш ва малака ошириш бўйича бизнес академия, хорижий бозорларга чиқишга мўлжалланган электрон платформа ҳамда IT бўлимлари ишбилармон доира вакилларига хизмат кўрсатади. Ассамблея ўз дастурига кўра, хорижий иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, халқаро кўргазма ва бизнес форумлар ташкил этиш бўйича ҳам фаолият олиб боради. Шу билан бирга, миллий брендлар яратиш, маркетинг, менежмент ва бизнес доира вакиллари учун касб байрамларини ташкиллаштириш устида ишлайди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ассамблея шу йил 10 февраль куни Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг