Мамлакатимизда илк бор Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси ташкил этилди
Давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида мулоқот муҳитини шакллантириш, республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, чет давлатлардаги йирик корпорация ва савдо тармоқлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси тузилди.
Мамлакатимиз иқтисоди ва бизнес олами учун янгилик бўлган мазкур ассамблея ўзида 12 та маҳаллий илғор ассоциация ва миллий марказларни бирлаштиради.
Унинг ўз олдига қўйган устувор вазифалари давлатимиз иқтисодиётидаги ўзгаришлар, қонунчилик ва давлат дастурларида нодавлат бизнес сектори вакилларининг иштирокини таьминлаш, уларнинг маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар фаолиятидаги масалаларини юқори давлат ташкилотларига етказишда кўмаклашишдан иборат.
Ассамблея қошида халқаро арбитраж суди, медиамарказ, тадбиркорликка тайёрлаш ва малака ошириш бўйича бизнес академия, хорижий бозорларга чиқишга мўлжалланган электрон платформа ҳамда IT бўлимлари ишбилармон доира вакилларига хизмат кўрсатади.
Ассамблея ўз дастурига кўра, хорижий иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, халқаро кўргазма ва бизнес форумлар ташкил этиш бўйича ҳам фаолият олиб боради. Шу билан бирга, миллий брендлар яратиш, маркетинг, менежмент ва бизнес доира вакиллари учун касб байрамларини ташкиллаштириш устида ишлайди.
Иқтисодий ташкилот мамлакатга инвестициялар жалб қилиш билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун хориж бозорларини ўрганиб таҳлил қилади. Ва бир вақтнинг ўзида ҳамкор давлатларда ўзбек маҳсулотлари учун шоурумлар ташкил этишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси 2021 йил 10 февраль куни №710 реестр тартиб рақами билан Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter