Мутасаддилар ёғ ва шакар нархи қачон тушишини маълум қилишди
Жорий йил 6 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Озиқ-овқат маҳсулотларига нарх белгилаш масаласи ва маҳсулотлар нархларининг кўтарилишига таъсир этувчи омиллар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шаҳобиддин Ортиқов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Отажон Пирманов, Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Дониёров, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика товар хом-ашё биржаси, «Ўзёғмойсаноат», «Ўзбалиқсаноат» ва «Ўзпаррандасаноат» уюшмалари мутасаддилари иштирок этишди.
Қайд этилишича, Россияда шакар маҳсулоти хом-ашёсини етиштириш ҳажми камайиши биздаги шакар нархига таъсир ўтказмай қолмаган. Шакар ишлаб чиқарувчи иккита йирик корхонамизга Бразилия давлатидан шакар хом-ашёсини етказиб, қайта ишлаш чоралари кўриляпти. Яқин ойлар ичида шакар нархи тушиб, 5800 сўмдан сотилиши айтиб ўтилди.
Карантин даврида аҳоли истеъмоли ошганлиги боис нархи ошган шакар маҳсулотлари импорт кўпайтирилмагани сабабли маълум даражада маҳаллий корхоналарни ҳимоя қилиш мақсадида бўлгани таъкидланди.
Ёғ-мой маҳсулотларининг нархи ошиши эса пахта терим мавсуми тугамагани билан изоҳланмоқда. Мутасаддилар пахта мавсуми тугагач ёғ нархи тушишини айтиб ўтишди.
Тухум маҳсулотининг нархи ошиши паррандачиликда емиш сифатида фойдаланиладиган маҳсулотлар четдан келтирилиши билан боғланди. «Ўзпаррандасаноат» уюшмалари мутасаддилари илгари (тухум нархи 250-400 сўм пайтларда — таҳририят) тухум ишлаб чиқарувчилар зарарига ишлаганини айтиб ўтишди. Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган бир қанча саволларига жавоб олишди.
Санжар Машриқий
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter