Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кластер ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади

Кластер ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади

Фото: «Xabar.uz»

Ғалла етиштириш тизими келгуси йилдан тўлиқ бозор муносабатларига ўтказилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказилаётган видеоселекторда маълум қилиб ўтди.

Авваламбор, келгуси йилдан экинларни жойлаштириш тартиби сақланган ҳолда, ғаллачилик кластерлари ва фермерларга етиштирган буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади.

Бунда, ҳар бир ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар йилги ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқаради. Қолган ҳосилни эса, тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади, — деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ғалла етиштиришни имтиёзли кредитлаш тартиби келгуси 3 йилда сақлаб қолинади ва бунга йилига 5 триллион сўм йўналтирилади.

Жамғарма 2,5 миллион тонна ғаллани биржадан бозор нархларида давлат захираси учун сотиб олади.

Сотиб олинган захира ғалла донни сақлаш қувватлари мавжуд ғаллачилик кластерларига, танлов асосида сақлаш учун жойлаштирилади.

Шунингдек, «Ўздонмаҳсулот» таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари негизида ғалла кластерлари ташкил этиш учун, улар очиқ савдоларга чиқарилади. Шу билан бирга давлат раҳбари пахта-тўқимачилик кластерлари ҳам ғалла етиштириш бўйича ташаббус билан чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

— Қайси пахта-тўқимачилик кластерлари янги технологиялар олиб кириб, ғаллачилик йўналишида ҳам ишлаш истагини билдирса, биз бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Жамшид Қўчқоров, Шуҳрат Ғаниев ва  Жамшид Ходжаевга икки ҳафта муддатда ғаллачилик соҳасида эркин бозор муносабатларини жорий этиш бўйича, қарор лойиҳасини киритиш вазифасини юклади.

Яна бир масала – жорий йилда давлат захирасига сотиб олинган ғалла ҳисобига, кластерларнинг қўшимча харажатларини қоплаш учун, ҳар бир килограмм буғдойга 350 сўмдан, жами 800 миллиард сўм ажратилади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Жамшид Қўчқоров, Шуҳрат Ғаниев ва Тимур Ишметовга икки ҳафта муддатда кластер ва фермерлар билан харид қилинган ғалла бўйича тўловларни тўлиқ амалга ошириш талабини қўйди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг