Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Президент қарори (ПҚ–4417-сон, 13.08.2019 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Қарор билан, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тузилмасида иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори лавозими жорий этилди.
Агентлик директорининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ижрочи директори ҳисобланади.
Шунингдек, ҳудудларда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўлимлари ташкил этилади.
Жамғарма ҳисобидан лойиҳалари бўйича молиявий ёрдам кўрсатиладиган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами тоифалари рўйхати тасдиқланади.
Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиявий ёрдам олиш ҳақидаги аризалари электрон ҳужжат айланиш тизими орқали кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, жамғарма томонидан қуйидаги имкониятларга эга «Тадбиркор» ахборот тизими яратилади:
- банклар ва Жамғарма ўртасида электрон ҳужжат айланиши, шу жумладан, электрон рақамли имзо ёрдамида маълумот алмашиш;
- дастурий таъминотни Давлат солиқ, статистика қўмиталари, Давлат хизматлари агентлиги ва Ўзбекистон банклари ассоциациясининг ахборот тизимлари билан интеграциялаш;
- банк кредитлари бўйича электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ишончнома ва кафолатлар, шунингдек фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш тўғрисида электрон шартномалар тузиш;
- банклар ва уларнинг мижозларига Жамғарманинг расмий веб-сайти орқали реал вақт режимида кредит буюртмаларини кўриб чиқиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш.
Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter