Журналистлар 320 метр чуқурликдаги кон фаолияти билан танишди
«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан тизимидаги корхона-ташкилотлар фаолияти билан журналист ва блогерларни яқиндан таништириш ва ОАВ орқали ёритиш тизимини такомиллаштириш юзасидан 2020 йил давомида пресс-тур ташкил этиш режаси тасдиқланди. Унга кўра Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида жойлашган «Тепақўтон» калий тузлари конига пресс-тур ташкил этилди ва «Деҳқонобод калий заводи» АЖ фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Пресс-турнинг биринчи куни журналистлар иштирокчида Шаҳрисабз шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида ЮНЕСКО муҳофазасига олинган Дор ус-сиёдат мажмуаси, Амир Темур даҳмаси, Оқсарой меъморий ёдгорлик мажмуаси каби тарихий объектларга ташриф буюрилди.
Пресс-турнинг иккинчи куни журналистлар «Тепақўтон» калийли тузлар тоғ-кон мажмуаси руда қазиб чиқариш ва ишлаш тартиби билан танишди ва 320 метр чуқурликда амалга оширилаётган иш жараёни билан танишдилар. Бу пресс-турнинг энг эсда қоларли дақиқалари бўлди. Ундан сўнг «Деҳқонобод калий заводи» АЖ фаолияти, маҳсулот ишлаб чиқариш ва қадоқлаш жараёни билан танишдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ Бошқарув раисининг корхонада фаолият юритаётган ёшлар билан учрашуви ташкил этилди. Корхонада 600 нафарга яқин ёшлар фаолият юритади. «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг 9500 нафаридан ортиғини эса 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Тадбирда «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Ж.Мирзамаҳмудов, «Деҳқонобод калий заводи» АЖ Бошқаруви раиси О.Қурбонов, «Ўзкимёсаноат» АЖ Ёшлар етакчиси М.Абдуллаева ва корхона ёшлари иштирок этди.
Учрашувда ёшлар «Ўзкимёсаноат» АЖ тасарруфидаги корхоналар миқёсида «Ёш китобхон» кўрик-танловини шунингдек, «Деҳқонобод калий заводи» АЖ тизимидаги тоғ-кон мажмуасида ишлаётган ёшларни қўллаб-қуватлаш мақсадида «Ўз касбининг моҳир ёш усталари» каби кўрик-танловларни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирди. Ёшларнинг таклифлари «Ўзкимёсаноат» АЖ Бошқарув раиси Ж.Мирзамахмудов томонидан қўллаб-қувватланди ва ёшлар ўз устида ишлаб, хорижий тилларни ўрганиши лозимлиги таъкидланди.
Бугунги кунда «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти таркибида 16 та йирик ва ўрта кимёвий корхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан жами 180 тадан ортиқ номдаги кимёвий маҳсулотлар, шу жумладан, 90 га яқин турдаги янги, маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар томонидан талаб этилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Жорий йил илк маҳсулот ишлаб чиқарилганининг 10 йиллигини нишонлаган «Деҳқонобод калий заводи» акциядорлик жамияти тизимдаги кимё корхоналарининг энг истиқболлиларидан бири ҳисобланади.
Ўтган қисқа даврда ишчи ва мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида ривожланган ижтимоий инфратузилмани ўзида мужассам этган, нафақат юртимиз, балки чет элда ҳам ўз ўрнига эга бўлган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси қад ростлади. «Тепақўтон» калийли тузлар кони негизида «Деҳқонобод калий заводи» акциядорлик жамиятининг ишга туширилгани нафақат ушбу туман, балки мамлакатимиз саноатида муҳим воқелик бўлди ва янги иш ўринлари яратилди.
«Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг тоғ-кон мажмуаси қурилиши 2008 йилда «Тепақўтон» калий тузлари конини очиш ва тайёрлаш ишларидан бошланган ва дастлаб кон ишларини олиб бориш учун №1 ва №2 қия стволлар очилиб, руда қазиб чиқариш ишлари амалга ошириш учун панеллар тайёрланган.
«Тепақўтон» конида панелли қазиб олиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, 2010 йил апрель-май ойларидан сильвинит рудасини қазиб чиқариш амалга ошириб келинмоқда. Корхонанинг ишга тушиши билан мамлакатимиз кимё саноатида янги турдаги калий хлорид минерал ўғити тўлиқ маҳаллийлаштирилди.
Бугунги кунга келиб корхона фаолият бошлаганидан буён экспорт қилинган маҳсулотнинг умумий миқдори 1 510 минг тоннага етди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган калий хлорид минерал ўғити Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Эрон, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Вьетнам, Сингапур, Малайзия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Туркия, Молдавия, Украина ва Африка бозорларига кириб борди.
«Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг ишга туширилиши билан Ўзбекистон жаҳонда калий ўғити ишлаб чиқарувчи ўн олтинчи, МДҲда эса учинчи мамлакатга айланди. Айни пайтда 9 мамлакатда Испания, Канада, АҚШ, Бразилия, Хитой, Исроил, Россия, Беларусь ва эндиликда Ўзбекистонда ҳам барча турдаги минерал ўғитлар яъни азотли, фосфорли, калийли ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter