Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаҳон банки пандемия шароитида Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишни қандай баҳолади?

Жаҳон банки пандемия шароитида Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишни қандай баҳолади?

Йил бошида жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатида ижобий иқтисодий ўсиш суръатларига эришилиши кутилаётган эди. Лекин коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиши ортидан дунё миқёсида иқтисодий ва ижтимоий инқироз юзага келди. Оқибатда орадан олти ой ўтмай, ушбу иқтисодий прогнозлар кескин ўзгарди.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мутахасcисларининг қайд этишича, 2020 йил — энг кескин глобал иқтисодий пасайиш йилларидан бири сифатида дунё тарихидан ўрин олади. Бугунги кунда 170 дан ортиқ давлатда аҳоли жон бошига иқтисодий ўсиш суръати манфий бўлиши кутилмоқда. Бундай оламшумул иқтисодий пасайиш ўтган асрнинг 30-йилларидаги «буюк инқироз» давридан буён кузатилмаган эди.

Жаҳон банки мутахассислари томонидан тақдим этилган прогнозларга кўра, жорий йилда Европа ва Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиёти ўртача 4,7 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши ортидан жорий қилинган қатъий карантин талаблари сабабли бутун дунёда туризм, авиация, ишлаб чиқариш, савдо ва кўнгилочар хизматлар кўрсатиш соҳалари мураккаб аҳволга тушиб қолгани сир эмас.

Шу ўринда коронавирус пандемияси Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатганини қайд этиш лозим. Минтақанинг ташқи савдо соҳасидаги асосий ҳамкорлари бўлган Хитой ва Россия иқтисодиётидаги пасайиш ортидан 2020 йилда баъзи қўшни давлатларда ЯИМ ҳажми 3,8-4 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар Жаҳон банки томонидан беэътибор қолмади. Унинг ҳисоботида Европа ва Марказий Осиёнинг 24 та давлатидан фақат Ўзбекистонда 2020 йил натижалари бўйича ЯИМ ўсиши 1,5 фоизни, қолган давлатларда ёки «ноль» ҳолат, ёки пасайиш, айрим давлатларда эса ЯИМнинг кескин пасайиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, мазкур ҳисоботда келтирилган давлатлардан фақат иккитасида 2021 йилда кескин иқтисодий ўсиш кузатилиб Ўзбекистонда ЯИМ келгуси йилда 6,6 фоиз ўсиши башорат қилинмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти, гарчи йил бошидаги башоратларга нисбатан иқтисодий ўсиш суръати пасайишига қарамай, йиллик ҳисобда 1,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу эса Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида коронавирус пандемияси инқирози даврида энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, мамлакат экспортининг диверсификациялашуви, талаб юқори бўлган саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларининг экспортдаги салмоқли улуши, ташқи қарз миқдорининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан барқарорлиги ҳамда етарли олтин-валюта захираларининг мавжудлиги каби ижобий омиллар ишончли макроиқтисодий ҳимоя воситалари сифатида ҳозирги глобал инқирознинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатишга хизмат қилади.

Бу ҳақда гапирганда, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу муҳим масала бўйича тутган қатъий позицияси ва тезкорлик билан қабул қилаётган комплекс чора-тадбирлари амалда ўзининг ижобий натижаларини бераётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг аҳоли ҳаёти ва иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, бундай мураккаб шароитда тадбиркорлар ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган 30 трлн. сўмдан ортиқ ижтимоий нафақа, имтиёз ва префенциялар жамланмаси инқирозга қарши курашишнинг яна бир самарали усули сифатида алоҳида эътироф этилгани ҳам шундан далолат беради.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ ҳамда кредит таътиллари, солиқ имтиёзлари берилиши, давлат мулки учун ижара тўловларининг муайян муддатга бекор қилиниши, йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий жорий этилиши ҳамда иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблашнинг тўхтатилиши каби муҳим чоралар ҳам бу борада ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Халқаро экспертлар фикрига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,6 фоизга ўсишга эришади ва бу — Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичга айланади.

Вужудга келган глобал инқироз барча мамлакатлар иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатяпти. Жаҳон банкининг прогнози бўйича 2020 йилда ялпи глобал маҳсулот 5,2 фоиз, АҚШда ялпи ички маҳсулот 6,1 фоиз, Россияда 6 фоиз, Европа Иттифоқида 9,1 фоиз тушиши кутилмоқда. Ушбу тушишлар фонида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда 1,5 фоиз иқтисодий ўсишни башорат қилиниши, фикримизча, улкан эътирофдир!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг