Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислом тараққиёт банки билан қарз битими имзоланди

Ислом тараққиёт банки билан қарз битими имзоланди

Президентнинг «Ислом тараққиёт банки иштирокидаги «Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-242-сон қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ўртасида 2021 йил 4 сентябрда «Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)» лойиҳасини молиялаштириш учун 5 йиллик имтиёзли давр билан 20 йил муддатга жами 80 миллион АҚШ доллари микдорида қарз битими имзоланган.

Лойиҳанинг II босқичини 2022-2026 йилларда амалга ошириш доирасида онкология муассасаларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш, уларни жиҳозлаш учун 110 турдан ортиқ тиббий ва диагностик асбоб-ускуналар харид қилиш, онкология хизмати салоҳиятини тубдан ошириш, соҳа мутахассисларини ўқитиш ва тайёрлаш ва бошқа тадбирлар амалга оширилмоқда.

 Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек, ИТБ қарзидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «O'zmedimpeks» масъулияти чекланган жамияти лойиҳа доирасида тузилган шартномалар бўйича контрагент ҳисобланади;
  • ИТБнинг қарз маблағларини қайтариш, шу жумладан қўшимча (устама) ва фоизлар, бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

 Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • «Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
  • «Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)» лойиҳаси бўйича Ислом тараққиёт банкининг қарз маблағларини қайтариш, шу жумладан қўшимча ҳақ (устама) ва фоизларни тўлашнинг прогноз жадвали;
  • «Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)» лойиҳаси доирасида жалб этилаётган қарз маблағларининг сарфланиш йўналишлари тақсимоти.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида харид қилинадиган ва олиб кириладиган товарларга (хизматларга) тўланиши лозим бўлган ҚҚС Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади. Бунда, солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланиши ёки бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши натижасида иқтисод қилинган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшган улуши сифатида ҳисобга олинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг