Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Фарғонаазот» 140 миллион долларга сотилмоқда

«Фарғонаазот» 140 миллион долларга сотилмоқда

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Фарғонаазот» устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича Indorama Corporation (Сингапур) компанияси билан келишувга эришилганини маълум қилди.

Жорий йил 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи арафасида Сингапурда ташкил этилган Бизнес-форумда «Фарғонаазот» устав капиталидаги 99,02 фоиз давлат акциялар пакети бўйича олди-сотди шартномасининг асосий шартлари (Теrm sheet) тўғрисидаги Келишув имзоланди.

Хусусийлаштириш жараёнига Deloitte халқаро консалтинг компанияси етакчи консултант, Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) стратегик маслаҳатчи, KPMG халқаро консалтинг компанияси эса мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилди.

Энг мақбул таклиф Сингапурнинг Indorama Corporation компанияси томонидан тақдим этилди. Таклифга кўра, сотиб олиш қиймати қарийб 140 миллион доллар (130 млн. доллар ва 107 млрд. сўм)ни ташкил этади.

Шунингдек, инвестор томонидан корхонани модернизация қилиш учун 100 миллион доллар миқдоридаги инвестиция киритиш мажбурияти олинади.

Келишилган шартларга кўра, Инвесторнинг мажбуриятларига Корхонанинг барча жорий ижтимоий дастурларини сақлаб қолиниши, жумладан, ходимлар сонини ва иш ҳақларини қисқартирмаслик, ходимларнинг малакасини ошириш ҳамда замонавий экологик назорат тизимини ишлаб чиқиш киради.

Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.

Битимни тўлиқ якунлаш учун, корхонага ишлаб чиқариш мақсадлари лозим бўлган эҳтиёжларни, шу жумладан, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг эркин бозорини йўлга қўйиш ва табиий газ таъминоти каби масалаларнинг норматив ҳуқуқий ечимини таъминлаш зарур бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг