Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДСҚнинг бошқарма бошлиғи ишдан бўшатилди. Сабаб...

ДСҚнинг бошқарма бошлиғи ишдан бўшатилди. Сабаб...

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда «Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисида»ги Низом лойиҳаси кенг жамоатчилик ўртасида кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, деб хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Ҳужжат лойиҳасида қарздор жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи банк пластик карталаридан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда сўзсиз ундириб олинишини назарда тутилиши эътирозларни келтириб чиқарди.

Мазкур қарор лойиҳаси бўйича кенг жамоатчилик томонидан билдирилган эътироз ва таклифлар ўрганилганда, лойиҳа пухта тайёрланмаганлиги, Давлат солиқ қўмитаси раҳбариятининг таклифлари ва тавсияларини инобатга олинмасдан ҳамда келишилмасдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилганлиги аниқланган.

Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Давлат солиқ қўмитаси раҳбариятининг дастлабки муҳокамасида жисмоний шахсларга қулайлик яратиш мақсадида:

  • ўз мажбуриятларини бажаришларида сервис хизматини кўрсатиш;
  • давлат солиқ инспекциясига ташриф буюрмасдан солиқларни тўлаш имкониятини яратиш;
  • уларнинг ёзма розилиги (келишув) асосида пластик карталаридан ҳар ойда келишилган маблағларни солиқ тўлашга йўналтириш назарда тутилиши белгиланган эди.

Аммо, Низом лойиҳасида юқоридаги норма қайд этилмаганлиги аниқланиб, лойиҳани ишлаб чиқилишида йўл қўйган камчиликлар ва масъулиятсизлиги учун Давлат солиқ қўмитасининг масъул бошқарма бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Низом лойиҳаси қайтадан кўриб чиқилмоқда ҳамда унда жисмоний шахсларнинг банк карталаридан маблағларни ундириш фақатгина уларнинг розилиги асосида амалга оширилиши белгиланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг