Давлат корхоналари солиқлардан ташқари яна нималарни тўлайдилар?
ҚҲТБТ порталида Акциядорлик жамиятларининг давлат улушлари бўйича ҳисобланган дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан ажратмаларни бюджетга ундириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. «Норма» МЧЖ етакчи эксперти Жорилла Абдуллаев ушбу ҳужжатга шарҳ берди.
Ҳар қандай мулкдор сингари, давлат ҳам ўз мулкидан дивидендлар олишга ҳақли. Давлат иштирокидаги корхоналар хусусий бизнес каби солиқ тўлайди. Бироқ солиқлардан ташқари, давлат корхонаси ёки давлат улушига эга бўлган корхона фойдасининг бир қисми дивидендлар тарзида бюджетга келиб тушиши керак.
Илгари давлат корхоналарининг соф фойдасидан ажратмалар миқдори махсус Комиссия томонидан белгиланган, у мазкур масалани якка тартибда ҳал қилган. 2019 йил февраль ойининг охиридан давлат корхонасининг соф фойдасидан ажратмаларнинг ягона миқдори 30% миқдорида этиб белгиланди (ВМнинг 16.10.2006 йилдаги 215-сон қарорига 1-илованинг 12-банди).
Юқорида кўрсатилган янгиликлардан ташқари, Президентнинг 26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарори 7-банди билан давлат солиқ хизмати органларига давлат улушлари бўйича дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан давлат бюджетига ажратмаларни ундириш ҳуқуқи берилган.
Бироқ юқорида кўрсатилган ҳужжатларда ушбу ажратмаларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, назорат ва тегишли санкциялар белгиланмаган эди. Энди шу ва бошқа масалаларни Акциядорлик жамиятларининг давлат улушлари бўйича ҳисобланган дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан ажратмаларни бюджетга ундириш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солиш таклиф қилинмоқда.
Лойиҳада устав капиталида давлат улушига эга хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари тўғрисидаги ахборотларни алмашиш тартиби белгиланган. Хусусан, ДСҚ Давлат хизматлари агентлиги ва Марказий депозитарийдан олган ахборот автоматлаштирилган режимда ҳудудий солиқ органларига узатилади, улар 5 иш куни мобайнида қуйидагиларни ҳисоблайдилар:
- устав капиталидаги давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларининг соф фойдасидан 30% миқдоридаги дивидендлар суммасини;
- давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан 30% миқдоридаги ажратмаларни.
Устав капиталидаги давлат улуши 50%дан кам бўлган хўжалик жамиятлари бўйича соф фойдадан дивидендлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳисобланиши керак (Солиқ кодексининг 156-моддаси).
Ҳар қандай давлат ажратмаси (солиқ) бўйича бўлганидек, лойиҳада соф фойдадан ажратмалар ҳисоб-китобини тақдим этиш, ҳисоб-китобни тақдим этиш даврийлиги, тўлаш муддатлари, ажратмаларни бюджетларга йўналтириш тартиби келтирилган:
- лойиҳада давлат корхоналарининг соф фойдасидан ажратмалар бўйича ҳисоб-китобларнинг шакллари белгиланган;
- ажратмаларнинг ҳисоб-китобларини тақдим этиш муддатлари – давлат бюджетига дивидендларни ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан;
- ажратмаларни тўлаш муддатлари – давлат бюджетига дивидендларни ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 60 кун мобайнида;
- корхонадаги давлат улуши маҳаллий бошқарув органларига (ҳокимликларга) тегишли бўлса, соф фойдадан ажратмалар маҳаллий бюджетларга йўналтирилади.
Фикримизча (бу солиқ амалиётида мавжуд), соф фойдадан ажратмаларни тўлаш муддатлари улар бўйича ҳисоб-китобларни топшириш муддатларидан – яъни давлат бюджетига дивидендларни ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг 25-санасидан кечикмаслиги керак.
Тўлов кечиктирилган тақдирда ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб пеня ҳисобланади. Соф фойдадан ажратмалар солиқнинг ўзи эканлигини инобатга олган ҳолда Солиқ кодексида барча солиқлар ва тўловлар учун белгиланган пеня миқдори қабул қилиниши керак – Солиқ кодексининг 120-моддаси.
Лойиҳада соф фойдадан ажратмаларнинг ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланиши устидан назорат ҳам акс эттирилган:
- соф фойдадан ажратмалар бўйича юзага келадиган қарздорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий равишда ундирилади. Солиқлар ва тўловлар бўйича қарздорликни мажбурий равишда ундириш тартиби Солиқ кодексида белгиланганлиги муносабати билан соф фойдадан ажратмаларни қонун даражасида солиқлар ёки тўловларга тенглаштириш зарур;
- соф фойдадан ажратмаларнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланишини давлат солиқ хизмати органлари белгиланган тартибда камерал назорат тизими орқали текширадилар. Бунда ҳам, барча тўловчилар учун бўлганидек, солиқ назоратининг барча турлари – ш.ж. ҳужжатли текширувлар белгиланиши лозим.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter